Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Оммавий ахборот воситаларида миллий контент яратиш масъулияти” мавзусида республика медиа-форуми ўтказилди.
“Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбирнинг биринчи кунида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ОАВ вакиллари, блогерлар, шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимлигининг масъул ходимлари қатнашди.


Медиа-форумни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов кириш сўзи билан очди. Унда бугунги ахборот майдонини сифатли ва рақобатбардош миллий контент билан тўлдириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлаётгани, юртимиз ва дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни миллий манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда, тезкор ва холис таҳлиллар асосида ёритиш долзарб аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.
Тадбирда “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев “Босма ОАВда миллий контент яратиш масъулияти”, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директорнинг биринчи ўринбосари Хушнуд Худойбердиев “Ижтимоий тармоқлар учун миллий контент тайёрлаш ва яратиш масалалари”, “Янги Ўзбекистон” – “Правда Востока” бирлашган таҳририяти бош муҳаррир ўринбосари Абубакр Ўрозовнинг “Интернет нашрларида миллий контент яратишнинг ўзига хос жиҳатлари” мавзусида маърузалари тингланди.


Эркин мулоқот тарзида ўтган медиа-форумда сўз олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, “Ишонч” вa “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, “XXI аср” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалилов, “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Чори Латипов, “Янги Сирдарё” газетаси бош муҳаррири Баҳром Боймуродов, “Бухоро ёшлари” газетаси муҳаррири Лайло Ҳайитова ва бошқалар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан таклиф ва тавсияларини билдирди.


Шундан сўнг журналистлар Нурафшон шаҳрида кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Хусусан, Ёшлар марказида фаолият олиб бораётган “Ёшлар кундалиги” махсус саҳифалар медиа-лойиҳасининг ёш ижодкорлари билан суҳбат ўтказилди. Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган ўғиллари, садоқатли келинлари хотирасига барпо этилган “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги зиёрат қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилоят бўлими маъмурий биноси, ходим ва ижодкорлар учун яратилган шароитлар, 10000 га яқин китобга эга кутубхона фаолияти, Уюшманинг вилоят бўлими қошида ташкил этилган “Нурафшон зиёси” – ёш журналистлар тўгараги фаолияти билан яқиндан танишилди. Шу ерда матбуот ва медиага оид мавзуларда қизғин мунозаралар бўлди. Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев қатнашди.

А. Мусаев, ЎзА.