МДҲ — ишонч, ҳамкорлик ва умумий тараққиёт макони
Шу йил 8 октябрь куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик ҳудудида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда минтақада ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга оид қатор йўналишлар муҳокама қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Учрашувда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, минтақа ҳаётига оид муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонда бўлиб ўтган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисидаги иштироки ва илгари сурган ташаббуслари мамлакатимизнинг кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва минтақавий барқарорликни таъминлашга қаратилган изчил сиёсатининг муҳим ифодасидир.

Бугунги мураккаб халқаро шароитда давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан биргаликда фойдаланиш ва умумий муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги доирасидаги мулоқот нафақат сиёсий муносабатларни ривожлантириш, балки иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун ҳам муҳим майдон ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари нутқида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва ўзаро инвестицияларни кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бунда оддий товар айирбошлаш билан чекланиб қолмасдан, биргаликда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ва уларни ташқи бозорларга олиб чиқиш муҳим вазифа сифатида белгиланмоқда.
Бундай ёндашув мамлакатлар иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, иқтисодий ҳамкорликнинг ҳақиқий самараси янги корхоналар, инвестиция лойиҳалари, муносиб иш ўринлари ва аҳоли даромадларининг ўсишида намоён бўлади.
Шунингдек, эркин савдо ҳудудининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, савдодаги техник тўсиқларни камайтириш, маҳсулотлар ҳаракатини соддалаштириш ва транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш бўйича билдирилган таклифлар ҳам долзарбдир. Транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, замонавий логистика марказларини ривожлантириш ва ташиш харажатларини қисқартириш Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш, тадбиркорларимизнинг янги бозорларга чиқиши учун қўшимча шароит яратади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳам минтақавий ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири. Аҳоли эҳтиёжларини барқарор таъминлаш, қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш, маҳсулотларни сақлаш ва етказиб бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда савдо алоқаларини мустаҳкамлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан. Бу борада давлатлар ўртасидаги тажриба алмашинуви ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар катта аҳамиятга эга.
Энергетика ва экологик барқарорлик масалалари ҳам замонавий тараққиётнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, энергия самарадорлигини ошириш, кам углеродли технологияларни жорий этиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ҳамкорлик келажак авлодлар олдидаги муҳим масъулиятдир. Иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар чегара билмаслигини ҳисобга олсак, бу йўналишдаги ҳамкорликнинг аҳамияти янада ортади.
Саммитда кибержиноятчилик ва интернет орқали содир этиладиган фирибгарликка қарши курашиш масаласига эътибор қаратилгани ҳам айни муддао. Рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча соҳаларига чуқур кириб бораётган бир шароитда фуқароларнинг шахсий маълумотлари, молиявий маблағлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор вазифага айланмоқда. МДҲнинг Қўшма алоқа марказини ташкил этиш ташаббуси трансчегаравий кибержиноятларга қарши тезкор ахборот алмашинуви ва ҳамкорликни кучайтириш учун муҳим механизм бўлиши мумкин.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг 2027 йилда МДҲга раислик қилиши мамлакатимиз учун кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, янги ташаббусларни илгари суриш ва мавжуд келишувларни амалий натижалар билан бойитиш имконияти.
Умуман, Президентимиз илгари сураётган ташаббусларнинг замирида бир муҳим мақсад мужассам: давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни аниқ амалий натижалар билан мустаҳкамлаш ва унинг самарасини ҳар бир инсон ҳаётида намоён этиш. Иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари, хавфсиз рақамли муҳит, экологик барқарорлик ва ёшлар учун кенг имкониятлар — буларнинг барчаси самарали ҳамкорликнинг муҳим натижалари.
Ишонч, ўзаро ҳурмат ва муштарак манфаатларга асосланган муносабатлар мамлакатларимизнинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади. Зеро, бугунги ҳамкорликка йўналтирилган саъй-ҳаракатлар нафақат бугунги кун вазифаларини ҳал этиш, балки келажак авлодлар учун ҳам тинч, хавфсиз ва фаровон ҳаётни таъминлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА