Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Қашқадарё вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари А.Закиров иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қамаши туманидаги Майданак ҳамда Шаҳрисабз туманидаги Мираки ҳудудларида туристик марказларни барпо этиш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Хусусан, келгусида Шаҳрисабз туманидаги Мираки ҳудудида жами 350 ўринли меҳмонхона ишга тушади ва бунинг натижасида 220 та иш ўрни яратилади. Бир вақтнинг ўзида 1 минг 200 дан ортиқ сайёҳга хизмат кўрсатиш имконияти юзага келади. Шунингдек, тадбиркорлар бугунги кунда савдога чиқарилган ер майдонларини E-Auksion савдо платформалари орқали сотиб олиши мумкин. Ерлар 10 йил муддатда бўлиб тўлаш имконияти билан тадбиркорларга тақдим этилмоқда. Марказда ёзги тунаб қолиш учун дам олиш маскани, туристик мажмуа, аква парк, дор йўли, вино дегустацияси, уй меҳмонхона, концерт зали, ҳунармандлар маркази, истироҳат боғи, эко-қишлоқ, спорт майдончалари, экстремал спорт мактаби, меҳмондўстлик коллежи, агро ва қишлоқ хўжалиги, туризм майдонлари, шунингдек, меҳмонхона, санаториялар ҳамда ахборот маркази ташкил этилади.
Айни пайтда Мираки маҳалласида қарийб 11 гектарли бўш турган ер майдонларида аҳоли ва сайёҳлар сайр қилиши учун “Оқдарё” ўзани бўйлаб 10 километр узунликда пиёда ва велойўлаклар қурилмоқда. Тадбиркорлар томонидан денгиз сатҳидан 1 минг 200 метр баландликда дам олиш мажмуаси, осма кўприк ва зиплайнлар қад ростламоқда.
[gallery-16919]
Тадбир давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари