Махсус ўқув курслари бошланди
Муддатли ҳарбий хизматчиларни бирор касб-ҳунарга ўргатиш, хорижий тилни ўрганишга жалб этиш ҳамда уларни олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тайёрлаш бўйича Андижон гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматчилар учун “Бир аскар – бир касб” шиори остида махсус ўқув курслари ташкил этилди.
Ўқув курслари очилишига бағишланган маънавий-маърифий тадбирда вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги вакиллари, ҳарбий қисм раҳбарияти, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ҳамда муддатли ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Тадбирда иштирокчилар ёш ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, келажакда муносиб касб эгаси, билим ва салоҳиятли бўлишлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, аскарларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш ҳамда олий таълимга тайёрлаш борасидаги мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлик истиқболлари, ана шу йўналишда амалга ошириладиган ишлар хусусида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Шундан сўнг замонавий ва зарур воситалар билан жиҳозланган хоналарда ўқув курсларининг дастлабки машғулотлари бошланди. Тадбир иштирокчилари, мутасаддилар машғулот жараёнлари билан яқиндан танишди, аскарлар билан суҳбат ва мулоқотлар ўтказди.


Муддатли ҳарбий хизматчиларга кенг имкониятлар эшигини очиб берадиган ўқув курслари мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.