Маскатда Ўзбекистон маданияти кунларининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди
Ўмон Султонлиги пойтахти Маскат шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунларига расман старт берилди.
Маданият вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, «Al Mouj» мажмуасида ўтказилган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Ўмон Султонлиги Маданият, спорт ва ёшлар вазири Саййид Сауд бин Ҳилол бин Ҳамад Ал Бусаидий иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, бой тарихий мерос, қадимий анъаналар ва ўзига хос маданиятга эга Ўзбекистон ҳамда Ўмон ўртасидаги маданий алоқалар икки халқни янада яқинлаштиришда муҳим ўрин тутади.

Маданият кунлари доирасида ташкил этилаётган концерт дастурлари орқали ўмонлик санъат ихлосмандлари ўзбек халқининг бой маданий мероси, миллий мусиқа санъати ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросими ўзбек санъат усталари иштирокидаги тантанали гала-концерт билан давом этди. Унда миллий мақом ва фольклор намуналари, дилбар куй-қўшиқлар ҳамда миллий рақслар намойиш этилди.
Концерт давомида янграган миллий оҳанглар ва саҳнадаги ранг-баранг чиқишлар ўмонлик томошабинларга ўзбек санъатининг ўзига хос жозибаси ва бой ижро анъаналарини ҳис этиш имконини берди.
Мазкур маданий тадбир икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ижодий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, халқларимизнинг бир-бирига бўлган қизиқиши ва ҳурматини оширишга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА