Самарқандда маданият ҳафталиги бошланди
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити муносабати билан маданият ҳафталиги эълон қилинди.
Шаҳар аҳолиси ва меҳмонларини халқимизнинг бой тарихий ва маданий мероси билан таништириш мақсадида вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда маданият бошқармаси томонидан ўтказилаётган ҳафталик доирасида бир қатор маданий ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда. Музей, театр ва бошқа маданият саройларида турли кўргазмалар, янги фильмлар ҳамда спектакллар намойиши режалаштирилган.

– 13-17 сентябрь кунлари Ўзбекистон маданияти тарихи музейида “Ўзбекистон дунё маданиятлари чорраҳасида”, Афросиёб – Самарқанд шаҳар тарихи музейида “Ипак ва Буюк Ипак йўли: Ханжоудан Самарқандгача” ҳамда Ўлкашунослик музейида “Самарқанд – дўстлик, ҳамкорлик, тижорат, маданият шаҳри” каби кўргазмалар ташкил этилади – дейди Самарқанд вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Ш.Эшонқулов. – “Нурафшон” санъат саройида “Самарқанд - Нурафшон” миллий эстрада гуруҳининг “ШҲТ нигоҳида” номли концерт дастури, Амир Темур мақбарасида “Соҳибқирон”, Мирзо Улуғбек расадхонасида “Мирзо Улуғбек” театрлашган композициялари, “Эл мероси” театрида “Буюк Ипак йўли чорраҳасида” спектакллари кун давомида намойиш этилади.
Бундан ташқари, шаҳардаги истироҳат боғлари, савдо-кўнгилочар масканларда ҳам концерт ва маданий дастурлар ўтказилади.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА