Марказий Осиёда ягона туристик маконни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов “CAREC” дастурининг Марказий Осиёда грантлар ажратиш, трансчегаравий туризм ва минтақавий интеграция масалалари бўйича масъул раҳбари Зулфия Каримова билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши доирасида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган “Марказий Осиё туристик ҳалқаси” ташаббуси муҳокама қилинди. Томонлар учинчи давлатлардан келувчи сайёҳлар учун ягона виза тизимини жорий этиш, қўшма турларни ташкил қилиш ҳамда чегарадан ўтиш жараёнларини соддалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Музокаралар давомида Ўзбекистондаги чегара назорат-ўтказиш пунктларида гуруҳли туристлар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш, Марказий Осиё давлатларининг халқаро кўргазмаларда ягона павильон билан иштирокини таъминлаш ҳамда АҚШ, Австралия ва Лотин Америкаси давлатлари билан туризм соҳасидаги алоқаларни кучайтириш мақсадида авиақатновлар сонини ошириш бўйича таклифлар билдирилди. Шунингдек, “CAREC” дастури томонидан йўлга қўйилган “Silk Road” туризм портали орқали Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш имкониятлари қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар чегара инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан Фарғона вилояти ва Тошкент вилоятидаги назорат-ўтказиш пунктларини кенгайтириш бўйича пилот лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди. Шунингдек, Самарқанддаги “Ипак йўли” тематик офиси билан ҳамкорликни кучайтириш, кадрлар тайёрлаш ва рақамлаштириш бўйича қўшма дастурларни ташкил этиш ҳамда Мадрид шаҳрида бўлиб ўтадиган FITUR халқаро кўргазмасида Марказий Осиё давлатларининг ягона туристик ҳудуд сифатида иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА