Марказий Осиё ягона туристик брендга айланади
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Туризм қўмитасида икки мамлакатнинг етакчи туроператорлари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида сайёҳлар оқимини кўпайтириш, қўшма туристик йўналишларни яратиш ва Марказий Осиёни ягона туристик макон сифатида дунёга танитиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов ҳамда Қирғизистон Туристик ташкилотлар ассоциацияси (KATO) ижрочи директори Нурбек Сапаров иштирок этди. Шунингдек, икки давлатнинг етакчи туроператорлари, меҳмонхона ва транспорт соҳаси вакиллари ўзаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Мулоқотда Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлари ҳамда бой маданий меросини Қирғизистоннинг бетакрор тоғлари, экологик туризм ва табиат масканлари билан уйғунлаштирган қўшма туристик маршрутларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Бундай саёҳат дастурлари хорижлик сайёҳлар учун янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маҳсулот яратиши қайд этилди.
Томонлар KATO билан ҳамкорлик доирасида икки мамлакат туризм соҳаси мутахассислари учун инфотурлар ташкил этиш, «Ўзбекистон – Қирғизистон» қўшма туристик йўналишларини халқаро бозорларга олиб чиқиш ҳамда уларни рақамли платформалар ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувнинг энг муҳим ташаббусларидан бири – Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг сайёҳлик салоҳиятини халқаро кўргазма ва ярмаркаларда «Марказий Осиё» ягона минтақавий бренди остида тақдим этиш бўлди. Қўшма миллий стендлар, тақдимотлар ва маркетинг тадбирлари орқали минтақа бой тарихи, маданий хилма-хиллиги ва табиий гўзалликларини ягона туристик йўналиш сифатида дунёга намойиш этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, учинчи давлатлардан сайёҳларни жалб қилиш, Бишкекдан Самарқанд ва Урганч шаҳарларига очилиши режалаштирилаётган тўғридан-тўғри авиақатновларни фаол тарғиб қилиш ҳамда икки мамлакат туризм бизнеси вакиллари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур ташаббуслар нафақат Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги туристик алмашинувни кенгайтиради, балки Марказий Осиёни жаҳон туризм бозорида ягона, жозибадор ва рақобатбардош йўналиш сифатида намоён этишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА