21–22 май кунлари Ўзбекистон илк бор Марказий Осиёда ўтказилаётган “М360 GSMA Eurasia 2025” форумига мезбонлик қилмоқда. Тадбирда 500 дан ортиқ иштирокчи, 40 дан зиёд етакчи спикер ва 200 дан ортиқ халқаро IT компаниялари вакиллари қатнашмоқда.
Форум Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида GSMA (GSM Assotsiatsiyasi) томонидан ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистонда рақамли технологияларни илгари суриш, мамлакатни минтақавий “IT-HUB”га айлантириш, рақамли бозорнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда хорижий сармояларни жалб қилишга хизмат қилади.

Форумнинг очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, GSMA бош директори Вивек Бадринатҳ ҳамда VEON компанияси бош директори Каан Терзиоғлу иштирок этдилар. Улар ўз чиқишларида сунъий интеллект ва 5G технологияларини жорий этиш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ҳамда минтақавий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

— Форум орқали биз нафақат Ўзбекистоннинг рақамли салоҳиятини дунёга кўрсатяпмиз, балки минтақа миқёсида янги технологияларни жорий этиш бўйича аниқ ташаббус ва режаларга ҳам асос соляпмиз, — деди вазир Шерзод Шерматов.
Тадбир Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, мамлакат имиджини мустаҳкамлаш, янги инвестиция оқимларини жалб қилиш ҳамда бизнес, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг жадал ривожланишига кўмаклашади.

Форум 22 май куни ҳам ўз ишини давом эттиради.
Н.Раҳмонова, ЎзА