Марказий Осиё хабарлари
Марказий Осиё минтақаси стратегик жойлашуви ва бошқа кўплаб имкониятлари сабабли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу боис мазкур ҳудудларда юз бераётган глобал аҳамиятга молик воқеалар таҳлили кўпчилик учун қизиқарли эканлиги табиий.
Тожикистонда баҳорги муддатли ҳарбий хизматга чақирув давом этмоқда

Тожикистонда йигитларни баҳорги муддатли ҳарбий хизматга чақириш бошланди ва бу 31 майга қадар давом этади, деб хабар бермоқда “Kazinform” ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, ўлканинг Хатлон ва Тоғли Бадахшон мухтор вилоятлари ҳарбий хизматга чақириш кампанияси режасини бир кунда тўлиқ бажарган. Хорог шаҳрида тантанали маросим бошланиши олдидан ҳарбий хизматчилар, офицерлар, аскарлар ва муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар иштирокида оммавий юриш бўлиб ўтди. Расмийлар режанинг дастлабки кунларда муваффақиятли амалга оширилишини ҳарбий хизматга кўнгиллилар сони кўпайгани, аскарларга турли имтиёзлар берилаётгани ва тарғибот ишларининг яхши йўлга қўйилгани билан боғлашмоқда.
Туркманистон ҳукумати дизел ёқилғиси экспортига чеклов жорий қилди

Жорий йил 1 апрелдан Туркманистонда мамлакатдан чиқиб кетаётган автомобиллар бакларидаги дизел ёқилғиси миқдорига чекловлар кучга кирди. Эндиликда лимит 300 литрдан ошмаслиги керак, белгиланган лимитдан ошиб кетган ҳар бир литр учун қўшимча ҳақ олинади.
Тегишли чора-тадбирлар Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов томонидан 30 март куни имзоланган қарорда белгилаб қўйилган. Фармонга кўра, ҳайдовчилар ҳар бир литрдан ортиқ ёқилғи учун 20 манат (тахминан 1 доллар) тўлайди.
Чекловлар биринчи навбатда оғир юк кўтарувчи автомобилларга тааллуқлидир. Давлат чегарасидаги масъуллар ва божхона хизматлари, шунингдек, “Туркменнебит” (Turkmen Oil) давлат концерни янги меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш учун жавобгар бўлади.
Таъкидланишича, ҳар бир автомобилнинг ёқилғи миқдори божхонада ўлчанади ва электрон ҳисоб тизимига киритилади. Лимит ошиб кетган тақдирда, ҳайдовчига иккита квитанция берилади: бири ҳайдовчига, иккинчиси божни тўлаш учун банкка. Барча ўлчовлар алоҳида дафтарда ҳам қайд этилади.
Қирғизистон ва Мўғулистон ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамламоқда

Жорий йилнинг 2 апрель куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев Мўғулистоннинг Бишкекдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ганхуяг Содном билан учрашди. Учрашув давомида томонлар икки томонлама долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Мулоқот чоғида вазир Кулубаев Мўғулистон делегациясини 2026 йилда Қирғизистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига таклиф этиб, Улан-Баторнинг кўчманчилар маданиятини сақлаш ва тарғиб этишдаги муҳим ҳиссасини таъкидлади.
Минтақавий ҳамкорлик контекстида томонлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилдилар. Ўз навбатида, элчи Ганхуяг самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Қозоғистоннинг Қорғалжин ҳудудида тўғон ўпирилди

Қозоғистоннинг “КазАвтоЖол” миллий компанияси маълум қилишича, Оқмўла вилоятининг Қўрғалжин туманида “Шоптикол” тўғони бузилган.
Оқибатда сув қишлоқ томон ёйилиб, Остона-Қўрғалжин автомобил йўлининг 75-километрини кесиб ўтган. Айни пайтда вилоят йўл хизматлари бошқармаси томонидан республика автомагистрали хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 14 та махсус техника ва 30 дан ортиқ хизматчилар жалб этилган.
Расмийларнинг таъкидлашича, йўл қопламаси бузилмаган, транспорт воситалари ҳаракати очиқ. Вазият ўлка Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан доимий назоратга олинган.
Г.Сатторова, ЎзА