Марказий Осиё ва Россия санъати бир саҳнада
Урганч шаҳрида “Этномаданият форуми – Марказий Осиё ва Россия халқлари маданияти, санъати ва ижодиёти фестивали” доирасида ўтказилаётган концерт дастури ташкил этилди.
Мазкур форум турли халқларнинг бой тарихий мероси, асрлар оша сайқалланган анъаналари, ранг-баранг урф-одатлари ва бетакрор санъатини ягона саҳнада мужассам этди.
Концерт дастури давомидаги куй ва қўшиқларда – тарих нафасини, рақсларда – миллатларнинг руҳини, саҳнадаги ҳар бир чиқишда эса халқларнинг қалб ҳароратини акс этди.
[gallery-29062]
Саҳнада Қозоғистон Республикасининг “Салтанат” давлат рақс ансамбли “Қиз қуву”, Қирғизистон Республикасининг “Шаттиқ” рақс жамоаси “Кўчманчилар олами”, Россия Федерацияси “Давлат академик Омск рус халқ хори” санъаткорлари “Хлопуха”, Туркманистоннинг “Дессан” ижодий жамоаси томонидан “Туркман халқ рақсларидан попури” рақс композициялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси санъаткорлари ижросида “Лазги” рақси ижро этилди.
Хулоса қилиб айтганда, “Этномаданият форуми – Марказий Осиё ва Россия халқлари маданияти, санъати ва ижодиёти фестивали” қардош халқларнинг бой маданий мероси, юксак санъати ва кўп асрлик анъаналарини ёрқин намоён этган нуфузли анжуман бўлди. Унда саҳнада янграган ҳар бир куй-қўшиқ, ижро этилган рақс ва намойиш этилган чиқишлар халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва маданий яқинликнинг таъсирчан ифодаси сифатида акс этди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари