Маданиятлар мулоқоти
Тошкент Фотосуратлар уйида “Art-karvon: маданиятлар мулоқоти” деб номланган кўргазма ташкил этилди.
Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасидаги ушбу кўргазма ижодий баҳслар ва тарихий умумийлик, миллий анъаналарнинг ранг-баранглигига асослангани билан аҳамиятли.
Лойиҳа Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни жонли ижодий жараён сифатида кўриб чиқишга асосланган. Кўргазма Ўзбекистон ва Россия ҳудудларидаги ранг-барангликни ҳис этиш, уларнинг тарихи ва маданиятидан баҳраманд бўлиш имконини беради.
Мазкур лойиҳа бежизга “Art-karvon” деган жумлалар билан бошланмайди. Зеро, санъат доим халқларни ўзаро яқинлаштириш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда улкан маънавий карвон вазифасини ўтаб келган.
[gallery-28894]
“Art-karvon” асосан тасвирий санъат йўналишида фаолият юритадиган ижодий гуруҳ ва бирлашма ҳисобланади. Бирлашма рассомлар, ҳайкалтарошлар ва халқ амалий санъати усталарини ўз атрофида жамлаган. Унинг асосий мақсади миллий санъатни тарғиб қилиш, маҳорат дарслари ва ижодий сафарлар ташкил этиш.
Мазкур ижодий гуруҳ тез-тез Ўзбекистон Бадиий академияси ва унинг Тошкент вилояти бўлими билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказади. Рассомларнинг табиат қўйнида ижод қилишини ташкил этишга катта эътибор қаратади. Жумладан, 2026 йил апрель ойида Тошкент вилоятида баҳорги пленер ташкил этилган.
Бирлашма аъзоларининг ижодий ишлари республика ва халқаро миқёсда намойиш этилади. Хусусан, “Art-karvon. Ўзбекистон-Россия” каби халқаро кўргазма лойиҳалари мавжуд бўлиб, уларда икки мамлакат рассомларининг асарлари намойиш этилади.
“Art-karvon: маданиятлар мулоқоти” номли кўргазмада икки мамлакат мўйқалам соҳибларининг она табиат, ҳаёт ва борлиқ ҳақидаги тасаввурлари акс эттирилган асарларига кенг ўрин берилган.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА