Мақсад – мактаб битирувчиларини ҳаётга тўлиқ тайёр ҳолда учирма қилиш
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Янги Ўзбекистон» университетида устоз ва мураббийлар билан учрашув ўтказмоқда.
Президентимиз янги авлод дарсликларини яратиш ишлари 2018 йилда бошланганини эслади. Унга тажрибали мутахассислар, муаллифлар, олимлар, педагоглар ва хусусий компаниялар жалб қилинди. Китобларни яратишда Финляндия ва Сингапур каби давлатларнинг тажрибаси ўрганилди. Фақат шу йилнинг ўзида 324 та дарслик янгиланди. Уларни тайёрлашда 400 нафардан зиёд мутахассис меҳнат қилди.
Давлатимиз раҳбари бу ишга билими ва кучини бағишлаган ҳар бир инсонга миннатдорлик билдирди.
Янги авлод дарсликлари миллий қадриятлар билан бирга болаларда Ватанга муҳаббат, табиатни асраш ва сувни тежаш туйғусини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Улар рақамли технологиялар, молиявий саводхонлик ва келажак касбларига қизиқишни, мустақил ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ҳам ривожлантиради.
Президентимиз бу китоблар ўқитувчиларни ўз устида ишлашга ундагани, педагогика олийгоҳларини ўқув дастурларини халқаро талабларга мослаштиришга ҳаракатлантирганини таъкидлади. 2030 йилга қадар 8–11-синфлар учун дарсликларни янгилаш ишлари ҳам охирига етказилади.
– Мақсадимиз аниқ – ҳар бир ўқув йили болага кейинги босқич учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилсин! Битирувчи мактабни ҳаётга тайёр, ўз билимига, ўз кучига ишонган ҳолда тамомласин! – деди давлатимиз раҳбари.
— Энг аввало, фарзандларимизга, уларнинг истеъдоди, қобилияти, келажагига ишонаман! — деди президент.
Президентимиз болалар энг яхши таълим, энг яхши шароит ва энг яхши келажакка муносиб эканини алоҳида таъкидлади.
ЎзА