Давлатимиз раҳбари таълимга стратегик ёндашувнинг мазмунини тўлақонли очиб берди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида педагоглар билан ўтказган учрашувида таълим тизимининг бугунги ҳолати билан бир қаторда, унинг келажакда қандай бўлиши кераклигига доир муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Учрашувда билдирилган ҳар бир фикр, назаримда, бугунги таълим сиёсати олдида турган энг муҳим масаланинг моҳиятини очиб беради. Дунёда билим яратиш, ахборот тарқатиш ва меҳнат қилиш усуллари шиддат билан ўзгармоқда. Сунъий интеллект матн тайёрлаши, дастур ёзиши, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиши мумкин. Аммо ҳеч бир технология боланинг қалбига устоздек йўл топиб, унда Ватанга муҳаббат, масъулият, эзгулик ва инсоний фазилатларни шакллантира олмайди.
Демак, технологиялар ривожланган сари ўқитувчининг аҳамияти камаймайди. Аксинча, унинг вазифаси янада мураккаблашади. Чунки энди муаллимдан болага маълумот беришнинг ўзи эмас, уни фикрлаш, маълумотни таҳлил қилиш, тўғри қарор қабул қилиш, янги билимларни мустақил эгаллаш ва энг муҳими, технологиядан инсон ва жамият манфаати йўлида фойдаланишга ўргатиш талаб этилади.
Шу нуқтаи назардан учрашувда таълимнинг барча бўғинлари – мактабгача таълимдан бошлаб мактаб, касбий ва олий таълимгача бўлган тизимнинг ягона мақсад атрофида боғланаётганини кўриш мумкин. Бу мақсад – ҳаётга тайёр, билимли, касбли, замонавий технологияларни эгаллаган ва ўз кучига ишонадиган авлодни тарбиялаш.
Давлатимиз раҳбари “Биз бугун болага нимани берсак, эртага унинг натижасини мамлакат келажагида кўрамиз”, деган фикри билан таълимга стратегик ёндашувнинг мазмунини тўлақонли очиб берди.
Дарҳақиқат, бугун мактабда берилаётган билимнинг сифати ўн-йигирма йилдан кейин иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлиги, илм-фанимиз салоҳияти ва жамиятимизнинг интеллектуал даражасида намоён бўлади.
Шу боис таълим мазмунини янгилаш масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Янги авлод дарсликларида миллий қадриятлар, Ватанга муҳаббат ва табиатга масъулият билан бир қаторда рақамли технологиялар, молиявий саводхонлик, келажак касбларига қизиқиш, мустақил ва танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга эътибор қаратилаётгани муҳим. Президент таъкидлаганидек, мақсад ҳар бир ўқув йили боланинг кейинги босқичга ўтиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиши, битирувчи эса мактабдан ҳаётга тайёр ва ўз билимига ишонган ҳолда чиқишидир.
Айниқса, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш вазифаси қўйилаётган бугунги шароитда математика, физика, кимё ва биология каби фундаментал фанларга эътиборнинг кучайтирилиши мантиқий аҳамиятга эга. Синфда ўқувчилар сони 25 нафардан ортиқ бўлганда ушбу фанларни икки гуруҳга бўлиб ўқитиш, миллий сертификатга эга педагогларга 50 фоиз устама тўлаш, ҳар йили етакчи ўқитувчиларни рағбатлантириш ва минг нафар педагогни хорижда стажировкага юбориш каби чоралар айнан таълим сифатини инсон омили орқали оширишга қаратилган.
Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор. Замонавий иқтисодиёт учун фақат яхши баҳолар билан мактабни тугатган ёшнинг ўзи етарли эмас. У хорижий тилни билиши, муайян касб ёки ҳунарга эга бўлиши, рақамли технологиялардан фойдалана олиши ва ўзгарувчан меҳнат бозорига мослаша олиши зарур. Шу сабабли, мактаб битирувчисини тил ва касбсиз катта ҳаётга чиқармаслик масаласининг қатъий қўйилгани таълим натижасини баҳолаш мезони ҳам ўзгараётганини англатади.
Бундай ўзгариш асносида, табиийки, муаллимнинг ўзи ҳам мунтазам ривожланиши талаб этилади. Кеча самара берган педагогик усул бугун етарли бўлмаслиги мумкин. Шу маънода, ўқитувчиларнинг малака ошириш тизимини мажбурий бир ойлик курслардан касбий ривожланиш ваучерларига ўтказиш, педагогга курс ва таълим олиш жойини мустақил танлаш имконини бериш муҳим янгиликдир. Бу малака оширишни навбатдаги расмий жараён эмас, ўқитувчининг реал касбий эҳтиёжига мос тизимга айлантиришга қаратилган.
Учрашувда олий таълим олдига қўйилган вазифалар ҳам шу мантиқнинг давомидир. Университетга мустақиллик беришнинг ўзи якуний мақсад эмас. У таълим сифати, илм-фан натижадорлиги ва иш берувчилар билан ҳамкорликда ўз самарасини кўрсатиши керак. Шу боис ўқув дастурларини меҳнат бозори талаблари асосида қайта кўриб чиқиш, замонавий дарсликлар яратиш, битирув ишлари ва диссертацияларни иқтисодиёт тармоқларидаги амалий муаммолар ечимига йўналтириш вазифалари қўйилди.
Айниқса, келаси йилдан 75 олий таълим муассасасида “корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр” тизимининг жорий этилиши таълим билан меҳнат бозори ўртасидаги муносабатни янги асосга ўтказиши мумкин. Бунда иш берувчи ўзига зарур мутахассисни тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этади, талаба эса назарий билим билан бир вақтда ҳақиқий иш муҳитида касбий тажриба орттиради. 2028 йилдан мазкур тизимни барча олийгоҳларга татбиқ этиш режалаштирилган.
Менимча, учрашувда белгиланган вазифаларнинг умумий мантиғи шу ерда намоён бўлади: таълим тизими энди фақат билим берувчи тизим эмас, инсоннинг қобилиятини кашф этадиган, уни касбга тайёрлайдиган, илм ва технология билан боғлайдиган ҳамда жамият ва иқтисодиёт учун зарур компетенцияларни шакллантирадиган яхлит муҳитга айланиши керак.
Бундай тизимнинг марказида эса барибир ўқитувчи туради. Дарсликни янгилаш мумкин, мактаб ва университетларни энг замонавий технологиялар билан жиҳозлаш мумкин, сунъий интеллект имкониятларини таълимга кенг жорий этиш мумкин. Аммо, улардан қандай фойдаланишни, билимни тафаккурга, тафаккурни эса бунёдкорликка айлантиришни ёш авлодга устоз ўргатади.
Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг учрашув якунида билдирган “Устозни эъзозлаш – бир касб эгасини эмас, бутун бир миллат келажагини эъзозлашдир” деган фикри бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этади.
Зеро, келажак технологияларини муҳандислар яратади, янги кашфиётларни олимлар амалга оширади, иқтисодиётни малакали мутахассислар ривожлантиради. Уларнинг барчасига илмнинг биринчи эшигини очиб берадиган, қобилиятини кашф этадиган ва орзусига ишонч уйғотадиган инсон эса Устоздир.
Н.Абдураимова,
ЎзА