Мақсад: ҳосилни ўз вақтида йиғиб -териб олиш
Қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан ҳисобланган пахтачиликда олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари нафақат фермер ва кластерлар, балки қайта ишлаш саноати, экспорт салоҳияти, аҳоли бандлиги ва ҳудудлар иқтисодий барқарорлигида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.
Жорий йилда Наманган вилояти пахтачилик тармоғи учун нафақат мўл ҳосил етиштириш, балки мавсумни юқори ташкилий даражада ўтказиш, етиштирилган пахта хомашёсини қисқа муддатларда, сифатли ва уюшқоқлик билан йиғиб-териб олиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида ЎзА мухбирига вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Азизбек Абдусаломов мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
– “Оқ олтин” аграр соҳа тараққиёти муҳим ўрин тутади. Айни шу боисдан ҳам 2026 йил ҳосили учун вилоятимизда 48 минг 800 гектар майдонга чигит экилди. Бугунги вазифамиз далаларда яратилган улкан меҳнат самарасини тўлиқ сақлаб қолиш, ҳар бир гектар имкониятидан самарали фойдаланиш ва режалаштирилган 254 минг 500 тонна пахта хомашёсини белгиланган муддатларда қабул масканларига етказиб беришдир, – дейди Азизбек Абдусаломов. – Бу йилги экиш жараёнида замонавий агротехнологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Чигит экилган майдонларнинг 44 минг 879 гектари 76х10 сантиметр схемада қўшқатор усулида парвариш қилинди. Шундан 6 минг 846 гектари «Шинжон» усулида, 2 минг 304 гектари плёнка остига оддий суғориш усулида, 3 минг 802 гектари очиқ майдонда томчилатиб суғориш технологияси асосида ташкил этилди. Яна 31 минг 928 гектар майдонда очиқ майдонда қўшқатор усули қўлланилди. 4 минг 277 гектарда эса 76 сантиметр схемада яккақатор усулида чигит экилиб, парвариш ишлари олиб борилди.

Кластер корхоналари ва фермер хўжаликларининг таклифлари ҳам инобатга олиниб, нав танлаш масаласига ҳам жиддий ёндашилди. 48 минг 800 гектар чигит экиладиган майдоннинг 47 минг 560 гектари, яъни 97,5 фоизида хорижий ғўза навлари, 1 минг 240 гектари, яъни 2,5 фоизида маҳаллий ғўза навлари экилиб, парвариш қилинди. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир гектардан ўртача 52,2 центнердан ҳосил олиш ва жами 254 минг 500 тонна пахта хомашёси етиштириш режалаштирилган.
Ҳосилдорликни таъминлаш учун мавсум давомида катта миқдорда молиявий ресурслар йўналтирилди. Минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимёҳимоя хизмати, механизация хизмати ва лизинг тўловлари, уруғлик чигити, плёнка ишлари каби долзарб юмушлар учун мавсум давомида 499 миллиард 592 миллион сўм маблағ сарфланди.

Ҳосил элементлари бўйича амалга оширилган ҳисоб-китоблар янада қувонарли натижани кўрсатди. Апробация маълумотларига асосан, вилоят майдонларида 259 минг 126 тонна пахта хомашёси яратилиши имконияти мавжудлиги аниқланди. Бу режалаштирилган 254 минг 500 тонна кўрсаткичдан юқори натижадир. Бу борада ўтган йилги тажриба биз учун муҳим мезон бўлиб хизмат қилади. 2025 йилда ҳам бир қатор фермер хўжаликлари пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришиб, ўз тажрибасини намоён этди.
Жумладан, Мингбулоқ туманидаги «Раҳмонали ота ЙНР», «Сайидбек Лазизбек Тўланбоев», Наманган туманидаги «Зардўст Замин Зилол», «Навбаҳор Намунаси», Поп туманидаги «Маматолиб бува Муҳаммаджон», «Иқбол Самандар», Тўрақўрғон туманидаги «Зурад Ибрат», «Турсунбой Комилов», «Бахтиёр Немат Шавка» фермер хўжаликлари ҳар гектардан ўртача 60–70 центнердан пахта ҳосили олишга эришди.

Бу тажрибалар шуни кўрсатадики, юқори ҳосилдорликка эришиш имконияти мавжуд. Гап фақат табиий шароит ёки навда эмас, балки агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, сув, ўғит ва ҳимоя воситаларидан оқилона, техникадан самарали фойдаланиш ҳамда меҳнатни тўғри ташкил этишда. Айни пайтда барча туманларда марказий ва ҳудудий мониторинг штаблари ташкил этилган. Буларнинг вазифаси фақат статистик маълумотларни йиғишдан иборат эмас. Мақсадимиз ҳар бир ҳудуддаги реал вазиятни кунлик таҳлил қилиш, мавжуд муаммони тезкор аниқлаш, техника ва ишчи кучидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш, пахта қабул масканларига ҳосилнинг узлуксиз етказиб берилишини таъминлашдир.

Пахта теримида ишсиз ва бандлиги таъминланмаган аҳолини жалб этиш ҳам муҳим ижтимоий вазифалардан биридир. Шу мақсадда вилоят ишчи гуруҳи шакллантирилиб, барча туманларда ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди. Бу орқали бир томондан пахта терими учун зарур ишчи кучи таъминланса, иккинчи томондан мавсумда иштирок этаётган фуқароларнинг қўшимча даромад олишига шароит яратилади.
Пахта теримини механизациялаштириш эса мавсумни қисқа муддатларда якунлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Жами 34 минг 206 гектар, яъни 70 фоиз майдонда етиштирилиши кутилаётган 179 минг 796 тонна пахта хомашёсини пахта териш машиналари ёрдамида йиғиб олиш режалаштирилган. Бунинг учун 178 та пахта териш машинаси мавсумга тўлиқ шай ҳолатга келтирилди. Ҳар бир машинага алоҳида отряд шакллантирилиб, уларга раҳбарлар тайинланди. Шунингдек, ҳар бир отряд таркибига ички ишлар, банк ва ер тузувчи ташкилотларидан ходимлар бириктирилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, пахта териш машиналари билан бир кунда 1 минг 368 гектар майдондаги пахтани териб олиш мумкин экан. Бунинг натижасида бир кунда 6 минг 841 тонна пахта хомашёсини қабул масканларига топшириш мумкин. Ўртача ҳисобда битта пахта териш машинаси бир кунда 7,6 гектардан 38,4 тонна пахтани йиғиб олиши кўзда тутилмоқда.
Қўл теримида ҳам молиявий рағбатлантириш масаласи аниқ белгилаб қўйилган. 74 минг 704 тонна, яъни жами ҳосилнинг 30 фоизини қўл терими орқали йиғиб олиш режалаштирилган. Бунинг учун теримчиларга 149 миллиард 409 миллион сўм иш ҳақи тўланади. Машина терими орқали олинадиган 179 минг 796 тонна пахта хомашёси учун эса 224 миллиард 745 миллион сўм маблағларни ўз вақтида етказиб бериш бўйича «Агробанк» томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Меҳнат ҳақининг ўз вақтида тўланиши теримчилар иштиёқи ва мавсум интизомининг энг муҳим кафолатларидан биридир.

2026 йил пахта ҳосилини қабул қилиш учун Наманган вилоятида мавжуд 27 та пахта қабул қилиш маскани ҳам мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Уларда лабораториялар, торозихоналар, 319 та ўт ўчириш воситаси, 231 та кичик механизация воситаси, 43 та ёпиқ омбор, 462 та ғарам майдони, 505 та электр шкаф ва ёритгичлар ҳамда пахта қабул қилиш учун зарур бошқа инвентарлар тайёр ҳолатга келтирилди. Бу масканларнинг узлуксиз ишлаши пахтанинг далада тўпланиб қолмаслиги ва қабул жараёнида ортиқча навбатлар юзага келмаслиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Умуман олганда, вилоятимизда пахта етиштиришнинг ўзига хос салоҳияти шаклланган. 48 минг 800 гектар майдон, 254 минг 500 тонна режа, 52,2 центнер ўртача ҳосилдорлик, 178 та терим машинаси, 58 та янги машина ва 70 фоиз механизациялашган терим – булар шунчаки статистик рақамлар эмас, уларнинг ҳар бири мавсумни қандай ташкил этишимиз, қанча ҳосилни сақлаб қолишимиз ва якунда қандай иқтисодий натижага эришишимиз билан боғлиқ.

Айни пайтда ҳар бир туман, ҳар бир кластер ва фермер хўжалиги олдида турган вазифа аниқ: пахтазорда яратилган ҳосилни бир кун ҳам кечиктирмасдан йиғиб олиш, теримчилар учун муносиб шароит яратиш, техникадан унумли фойдаланиш ва қабул масканларининг бир маромда ишлашини таъминлаш. Мазкур жараёнда мониторинг штабларининг фаолияти, отряд раҳбарларининг масъулияти, банк ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Зеро, мавсумнинг муваффақияти биргина соҳага эмас, барча бўғинларнинг ҳамжиҳат ва масъулиятли ҳаракатига боғлиқ.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири