Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маънавият – Янги Ўзбекистоннинг Зуҳро юлдузи

ЯНГИ КИТОБ

Қоҳира шаҳридаги “Ал-Вефақ” (“Dar al-Wefaq Publishing & Distribution”) нашриётида ироқлик адиб Аҳмад Жасим Зубайдийнинг “Маънавият – Янги Ўзбекистоннинг Зуҳро юлдузи. Ислом – инсонийлик, билим ва маърифат фалсафаси” номли китоби нашрдан чиқди.

Ёзувчи Аҳмад Зубайдийнинг мазкур асар мазмун ва моҳиятига бағишланган “Маънавият – Янги Ўзбекистоннинг Зуҳро юлдузи” номли махсус мақоласи бирин-кетин араб дунёсининг етакчи медиаплатформалари – Ироқнинг “Саут аль-Ирак”, Мисрнинг “Аль-Юм ас-Сабеа”,  Жазоирнинг “Аль-Қайид ньюз” газеталарида, шунингдек, араб тилидаги қатор ижтимоий саҳифаларда эълон қилинди.

Мақолада қайд этилишича, мазкур асар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инсонпарварлик, маънавий, илмий-маърифий соҳада олиб бораётган сиёсатининг туб моҳияти ва фалсафасига бағишланган. 

– Бу асар оддий воқеалар солномаси эмас, балки Ўзбекистон давлати раҳбарининг халқлар ўртасида инсонийлик, тинчлик ва ҳамкорлик тамойилларини мустаҳкамлаш бўйича илгари сурган глобал ташаббусларининг жаҳон мамлакатлари келажаги учун қанчалик муҳим ва стратегик аҳамиятга эга экани ҳақидаги теран мушоҳададир. Зеро, бугунги Ўзбекистон нафақат буюк ўтмишнинг вориси, балки инсоният ҳаётида ижобий ўзгариш яратаётган тарихий ташаббуслар манзил-макони ҳамдир, – дея эътироф этади мақола муаллифи.

Хусусан, “Ал-Вефак” нашриётининг бош директори – Доктор Абуд Мустафа Абуднинг сўзларига кўра, “шу кунларда Яқин Шарқда содир бўлаётган қонли можаролар дунё ҳамжамиятини яна бир бор жиддий ўйга толдирди. Бу воқелик Жаноби Олийлари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишонч, тотувлик ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган глобал ташаббусларнинг нақадар долзарб ва умумбашарий аҳамиятга эга эканини яққол намоён этмоқда”.

Доктор Абуд Мустафа ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида “Мазкур китоб бизнинг нашриётимизда чоп этилганидан беҳад хурсандман. Зеро, Ўзбекистон раҳбарининг эзгу ғоялари ҳамда ушбу мамлакат қадимий алломаларининг беназир маънавий мероси акс этган мазкур асарни дунё аҳлига йўналтирилган эзгу бир мурожаат деб биламан” – деб қайд этди. 

Китоб муаллифи Аҳмад Зубайдийнинг сўзларига кўра, араб оламида Ўзбекистон давлатининг ички ва ташқи сиёсати катта ҳурмат ва эътибор билан кузатилмоқда. Бугун Марказий Осиёнинг қоқ юрагида абадий қадриятлар – ор-номус, инсон шаъни ва маънавий камолот яна жонланмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари туфайли минтақа давлатлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталари янги босқичга кўтарилмоқда. Зеро, глобал хавфсизликни таъминлашнинг энг ишончли йўли – бу қарама-қаршиликни чуқурлаштириш эмас, балки умумий қадриятлар ва муштарак манфаатлар атрофида бирлашишдир.

Бугун Ўзбекистон давлати глобал равишда илм-фан, бағрикенглик ва маърифат ғояларини илгари сурмоқда. Шу нуқтаи назардан, давлат раҳбари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият деб билувчи буюк гуманист сифатида, шунингдек, асрлар давомида шаклланган маънавий анъаналар билан замонавий дунёвий давлат тамойиллари ўртасида мувозанатни таъминловчи Конституция кафили сифатида намоён бўлмоқда.

– Аниқ мисоллар орқали бугунги замонавий жамият шароитида ҳам маънавий қадриятлар фундаментал аҳамиятга эга эканини кўрсатишга ҳаракат қилдим. Бу ёндашув замирида маънавиятни фуқаролик жамияти ва маданиятлараро мулоқот тамойиллари билан уйғунлашишга қодир ижодкор куч манбаи сифатида англаш ётади. Бу ерда эътиқод ажратиш омили эмас, балки бирлашув ва очиқлик макони сифатида намоён бўлади, – деб таъкидлайди асар муаллифи.

Ўзбекистонда исломнинг асл, инсонпарварлик моҳиятини тарғиб қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшларни тарбиялашда Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази каби муассасалар алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистонда Президентнинг шахсий ташаббуси билан ташкил этилган ушбу даргоҳлар мамлакат тараққиётининг “Зуҳро юлдузи”га айланган.

– Ишонаманки, китоб халқлар ва маданиятлараро мулоқотга муносиб ҳисса қўшади, тадқиқотчилар, дипломатлар, журналистлар, тадбиркорлар ҳамда буюк ғоялар қандай қилиб илм-маърифат ва зиё орқали ҳаётда амалий ифода топаётганини кўришни истаган барча учун фойдали бўлади, – деб қайд этилади мақолада.

Муаллифнинг сўзларига кўра, ушбу китоб ўзбекистонлик арабшунослар билан яқин ҳамкорликда ўзбек тилида нашрга тайёрланмоқда. 

Дилноза ҚАЮМОВА,

сиёсатшунос.

ЎзА