Навоий вилоятида мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “Маънавият фестивали” доирасида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари бошланди.
Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар, санъат, маданият намояндалари ҳамда хонандалардан иборат Республика тарғибот гуруҳи аъзолари дастлаб Зарафшон шаҳридаги “Юлдуз” маданият уйида “Маърифат соати” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда қатнашди.
Навоий кон-металлургия комбинати Марказий кон бошқармаси 2-сонли гидрометаллургия заводи ишчи-ходимлари иштирок этган тадбирда мустақиллигимизни асраб-авайлаш, эришилаётган ютуқлар, юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ҳақида сўз юритилди.
Пойтахтлик ва маданият уйи санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.
– Бугун шаҳримизда пойтахтлик ижодкорлар ва санъаткорлар иштирокида ажойиб маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, – дейди Нафосат Зиёева. – Ушбу байрам тадбиридан барчанинг кайфияти чоғ. Бундай дориламон кунларнинг қадрига етишимиз керак. Раҳмат Президентимизга. У кишининг ташаббуси билан пойтахтдан севимли санъаткорларимиз ҳаттоки чекка ҳудудларгача келиб, аҳоли билан учрашмоқда. Улар билан дилдан суҳбатлар қуришиб, кайфиятларини кўтармоқда.
“Маънавият фестивали” ижодий гуруҳи “Инсон қадри” лойиҳаси доирасида Мурунтов маҳалласидаги хонадонларда бўлди.
– Бугунги кунда маҳалламизда 950 га яқин хонадонда 3400 нафардан зиёд аҳоли, 10 дан ортиқ турли миллат вакиллари истиқомат қилишади, – дейди маҳалла раиси Зафар Сирожев. – Пойтахтдан ташриф буюрган санъат аҳли бир қатор хонадонларда бўлишди. Уларнинг хонадонларга кутилмаганда кириб бориши хонадон вакиллари учун ҳақиқий байрам бўлди, десак муболаға бўлмайди. Аҳолимизнинг аксарият қисми ташриф буюрган санъаткорларни фақатгина телевизорда кўришган. Бугун эса улар билан юзма-юз учрашиб, суҳбатлашди. Эсталик расмларга тушишди.
[gallery-18823]
Учрашувларда хонадон соҳиблари билан инсон қадрини улуғлаш, қадриятларни тарғиб қилиш, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳақида суҳбатлар қурилди. Оилаларга эсдалик совғалари топширилди.
Шаҳарнинг марказий майдонида санъаткорлар иштирокида “Ватан мадҳи” лойиҳаси доирасида ташкил этилган галаконцерт зарафшонликларга ҳақиқий байрам шукуҳини улашди.
Маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари