Мамлакатимизда бизнесни рўйхатга олиш жараёнлари бошланди
Бугун, 15 октябрдан мамлакатимизда муҳим статистик тадбир — бизнесни рўйхатга олиш жараёнлари бошланди. Шу муносабат билан Миллий статистика қўмитасида брифинг ўтказилди.
Қўмита раиси ўринбосари З.Зияев ўз нутқида мазкур жараённинг мазмун-моҳияти, тартиби ва мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятига батафсил тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги тегишли фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар бутун республика бўйлаб ўтказилади.
Брифингда қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда минглаб корхоналар, тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар турли соҳаларда фаолият юритиб, иқтисодиёт ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бироқ, иқтисодиётни тўғри баҳолаш ва келгусида уни янада ривожлантириш бўйича самарали қарорлар қабул қилиш учун ушбу фаолиятлар ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумотлар бўлиши зарур. Бизнесни рўйхатга олишнинг асосий мақсади ҳам мамлакатимизда амалда қанча иқтисодий бирлик фаолият юритаётгани, қайси соҳаларда ишлаётгани, қанча фуқарони иш билан таъминлаётгани ва иқтисодиётга қандай ҳисса қўшаётганини аниқлашдан иборат.
Маълум қилинишича, рўйхатга олиш жараёнида йирик, ўрта ва кичик корхоналар, микрофирмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хорижий корхоналарнинг мамлакатимиздаги доимий муассасалари ва ваколатхоналари, якка тартибдаги тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, оилавий тадбиркорлар, ҳунармандлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар қамраб олинади. Шунингдек, расмий рўйхатдан ўтмасдан иқтисодий фаолият юритаётган шахслар фаолияти ҳам ўрганилади.
Жараён давомида иқтисодий бирликларнинг амалдаги фаолият манзили, асосий ва қўшимча фаолият турлари, иш билан банд бўлганлар сони, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар va кўрсатилаётган хизматлар, шунингдек, интернет ва электрон савдодан фойдаланиш, экспорт-импорт фаолияти ҳамда бошқа муҳим иқтисодий кўрсаткичлар йиғилади.
Тадбир асосан юзма-юз суҳбат шаклида ўтказилиб, махсус тайёргарликдан ўтган рўйхатга олувчи ходимлар планшет қурилмалари орқали электрон саволномаларни тўлдиради. Бозорлар, савдо мажмуаларида статистика органлари ходимлари, маҳаллаларда эса ҳоким ёрдамчилари жалб этилади. Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун census.stat.uz ахборот тизими орқали мустақил равишда онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти ҳам яратилган.
Мутасаддилар тадбиркорлар ва фуқароларнинг эътиборини муҳим бир жиҳатга қаратди: бизнесни рўйхатга олиш — бу текширув, назорат ёки жарима қўллашга қаратилган тадбир эмас. Тўпланган маълумотларнинг махфийлиги қонунчилик билан кафолатланган бўлиб, улар фақат расмий статистик кўрсаткичларни шакллантиришда умумлаштирилган ҳолда фойдаланилади. Рўйхатга олувчи ходимларни махсус кийими ва хизмат бейжиги орқали таниб олиш мумкин. Саволлар юзасидан 1851 қисқа рақамли call-марказга мурожаат қилиш мумкинлиги белгиланган.
Брифинг якунида барча тадбиркорлар, фермерлар, ҳунармандлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ушбу муҳим статистик тадбирда фаол қатнашишга чақирилди. Зеро, бугунги аниқ маълумотлар эртанги тўғри қарорлар ва барқарор иқтисодий тараққиёт асосидир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА