Бизнесни рўйхатга олиш: долзарб саволларга аниқ жавоблар
Хабарингиз бор, 2026 йил 15 октябрдан 30 ноябрга қадар мамлакатимизда илк бор бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилмоқда. Қуйида жараён давомида кўплаб берилаётган саволларнинг жавоблари келтириб ўтилади.
Бизнесни рўйхатга олишда кимлар онлайн иштирок этади?
Бизнесни рўйхатга олиш жараёнида маълумотлар иқтисодий бирликларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан келиб чиқиб, юзма-юз суҳбат ёки онлайн шаклда йиғилади. Юридик шахслар фаолият юритаётган манзилга рўйхатга олувчи ходимлар ташриф буюриб, субъектнинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, амалдаги фаолият манзили, фаолият йўналиши ва алоқа маълумотлари каби умумий маълумотларни планшет орқали саволномага киритади. Иқтисодий фаолиятга оид батафсил маълумотлар юридик шахслар томонидан hisobot.stat.uz (eStat 4.0) ахборот тизими орқали мустақил равишда онлайн тақдим этилади. Якка тартибдаги тадбиркорлар, оилавий тадбиркорлар, ҳунармандлар ва бошқа шу тоифадаги иқтисодий бирликлар бўйича маълумотлар тўлиқ юзма-юз суҳбат асосида, рўйхатга олувчилар томонидан планшетлар ёрдамида йиғилади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар эса census.stat.uz ахборот тизими орқали рўйхатга олиш саволномасини мустақил равишда онлайн тўлдиришлари мумкин.
Тадбиркор бир нечта йўналишда фаолият юритса, бизнесни рўйхатга олишда қайси бири асосий ҳисобланади?
Бизнесни рўйхатга олишда тадбиркорнинг барча фаолият йўналишлари ўрганилади. Асосий фаолият эса энг кўп қўшилган қиймат яратадиган йўналиш асосида аниқланади. Агар қўшилган қийматни аниқлаш имкони бўлмаса, энг юқори айланмага эга фаолият тури асосий деб ҳисобланади.
Корхонада чет эл фуқаролари ишласа, улар ҳам бизнесни рўйхатга олишда ҳисобга олинадими?
Ҳа. Бизнесни рўйхатга олишда корхоналарда фаолият юритаётган хорижий фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар ҳам ўрганилади. Саволномада чет эл фуқаролари ишлаши ёки ишламаслиги аниқланади. Агар улар мавжуд бўлса, 2025 йилдаги ўртача сони кўрсатилади.
Корхона ҳақида давлат идораларида маълумотлар мавжуд бўлса, нима учун бизнесни рўйхатга олишда яна саволнома тўлдирилади?
Мавжуд маълумотлар ҳар доим ҳам корхонанинг амалдаги фаолиятини тўлиқ акс эттирмаслиги мумкин. Бизнесни рўйхатга олиш жараёнида иқтисодий бирликларнинг ҳақиқий фаолият ҳолати, бандлик даражаси ва асосий иқтисодий кўрсаткичлари аниқлаштирилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам бизнесни рўйхатга олишда иштирок этадими?
Ҳа. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам бизнесни рўйхатга олиш тадбири доирасида қамраб олинади. Бизнесни рўйхатга олиш жараёнида уларнинг амалдаги фаолият ҳолати, бандлик кўрсаткичлари ҳамда иқтисодий фаолиятига оид тегишли маълумотлар аниқлаштирилади. Бунда хизматлар кўрсатиш ва бошқа иқтисодий фаолият натижасида олинган тушумлар ҳисобга олинади. Давлат бюджетидан ажратилган субсидиялар ва бошқа молиялаштириш маблағлари иқтисодий фаолиятдан олинган тушум сифатида ҳисобга олинмайди.
Бизнесни рўйхатга олиш жараёнида ҳоким ёрдамчилари қандай вазифаларни бажаради?
Ҳоким ёрдамчилари ўзларига бириктирилган маҳаллаларда иқтисодий бирликларни рўйхатга олиш ишларида иштирок этади. Бунда корхона ва ташкилотлар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда бошқа иқтисодий бирликлар ҳақидаги маълумотлар планшет қурилмалари орқали юзма-юз сўров асосида йиғилади. Шунингдек, улар маҳаллада рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган иқтисодий бирликларни ҳам қамраб олишда иштирок этади.
Бизнесни рўйхатга олишда расмий ва норасмий ходимлар сони нима мақсадда сўралади?
Ходимлар сони ҳақидаги маълумотлар иқтисодиётнинг қайси тармоқларида қанча киши меҳнат қилаётганини, бизнес субъектларининг фаолият кўламини ҳамда меҳнат бозоридаги бандлик ҳолатини баҳолаш учун зарур. Ушбу маълумотлар асосида ҳудудлар ва иқтисодий фаолият турлари кесимида бандлик даражаси, иш ўринларининг таркиби ҳамда тадбиркорлик субъектларининг аҳоли бандлигини таъминлашдаги ўрни аниқланади. Бу маълумотлар назорат ёки меҳнат текшируви ўтказиш мақсадида эмас, балки ишончли ва умумлаштирилган статистик кўрсаткичларни шакллантириш учун йиғилади.
Маълумот учун, бизнесни рўйхатга олиш тадбири давомида юзага келиши мумкин бўлган саволларга жавоб бериш учун 1851 қисқа рақамли call-марказ фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Моҳигул Қосимова тайёрлади,
ЎзА