Мамлакат соғлом авлод билан қудратлидир
Президентимиз ташаббуси билан 1993 йил 23 апрелда ташкил этилган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамоат фонди юртимизда она ва бола соғлиғини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва соғлом авлодни тарбиялашга йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
— Соғлом авлод деганда, аввало соғлом насл, чиниққан кучли, шу билан бирга маънавий, соғлом фикрли, иймонли, мард ва жасур, ўз Ватанини севадиган авлодлар тушунилади. Ижтимоий тараққиётда миллат генофондини сақлаш ва ёш авлод камолотини таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланади, — дейди фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Оразгул Ембергенова — Ҳар қандай давлатнинг келажаги бевосита унинг аҳолиси саломатлигига боғлиқ. Шу боис ўсиб келаётган ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар бир мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади. Келажагимиз пойдевори бугун қанчалик мустаҳкам қурилаётгани, фарзандларимизнинг бахтли бўлиши учун амалга оширилаётган ишларимиз билан боғлиқ.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди тиббий-ижтимоий патронаж бригадасининг ташкил этилганига 30 йил тўлмоқда. Ушбу тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси томонидан шаҳар ва туман шифокорлари билан ҳамкорликда узоқ ва чекка ҳудудларда яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож қариялар, боқувчисини йўқотган аёллар, 14 ёшгача бўлган болалар, вояга етмаганлар, туғиш ёшидаги аёллар, кам таъминланган ва кўп болали оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга санитария-гигиена воситалари, витаминга бой қуритилган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармонлар берилди. Йил давомида хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашда жамоатчиликнинг ролини ошириш бўйича фуқаролар йиғинлари ҳудудларида, меҳнат жамоаларида, ўқув юртларида турли мавзуларда давра суҳбатлари ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳар бир байрам муносабати билан ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, кўп болали оила аъзоларидан манзилли хабар олиниб, хайрия ёрдамлари кўрсатилади. Тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси шифокорлари томонидан “Балоғат даври” лойиҳаси доирасида Хўжайли, Амударё туманлари ҳамда Нукус шаҳрининг барча мактабларида 7-11 синф ўқувчилари орасида “Procter & Gamble” компанияси томонидан тақдим этилган ўқув материалларидан фойдаланган ҳолда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, санитария-гигиена буюмлари тарқатилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 ноябрдаги "Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида"ги қарорини, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги Давлат дастурларининг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан “Саломатлик” тиббий-санитар ёрдам поезди хизмат кўрсатиб келмоқда.
2001 йилдан бошлаб 25 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка ҳудуди Қозоғистон Республикаси билан чегарадош Қўнғирот тумани “Қорақалпоғистон” ва “Жаслиқ” шаҳарча фуқаролар йиғинлари, Тўрткўл тумани “Оққамиш” қишлоқ фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, аҳолини дори-дармонлар, санитария-гигиена буюмлари, уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат билан таъминлаб келмоқда. “Мурувват” уйлари, махсус мактаб-интернатлари, болалар уйи тарбияланувчилари саломатлиги доимий эътиборда бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмда ишловчи аёллар ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ҳамкорлик тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида “Соғлом авлод учун” хайрия фонди Тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги олий тоифали шифокорлари билан биргаликда ҳарбий қисмларда ҳамда Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасида хизмат кўрсатаётган аёллар, ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ фонднинг шаҳар ва туманларда ташкил этилган таянч пунктларининг вазифалари ҳудудий филиалларга юклатилди.
Мазкур қарор асосида жойларда, айниқса олис ва чекка ҳудудларда репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини оширишни янада яхшилаш мақсадида репродуктив ёшдаги аёллар ва болалар орасида касалланишни камайтиришга ҳамда уларни соғломлаштиришга йўналтирилган “Соғлом аёл ва бола ойлиги” йилига икки маротаба ташкил этилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири