Маълумотлар маркази иш бошлади
Андижон машинасозлик институтида талабалар тураржойлари ва ижара хонадонлари бўйича маълумотлар маркази ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги “Олий таълим муассасалари талабаларини тураржой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган марказда тураржой ёки ижара хонадони олиш истагидаги талабаларга зарур маълумотлар тақдим этилади.
– Айни кунда талабаларни тураржой билан таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган навбатларнинг олдини олиш, ўқув йили бошланиши арафасида тураржойга муҳтож талабаларнинг тураржойсиз қолиши эҳтимолини бартараф этиш мақсадида институтимиз ҳудудига кириш жойида Маълумотлар маркази ташкил этилди, – дейди Андижон машинасозлик институти биринчи проректори Акмалжон Эрматов. – Марказда талабаларимизни ишончли тураржойларга жойлаштириш билан боғлиқ мурожаатлар ҳал этилади, талабалар тураржойлари ва ижара хонадонлари бўйича зарур маълумотлар бериб борилмоқда.
[gallery-18707]
Кўнгилли талаба ёшлар ҳамда тюьторлар фаолият юритаётган марказда тураржойга муҳтож талабаларни ётоқхона ва ижара хонадонлари билан таъминлаш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, талабалар тураржойи учун ариза юбориш жараёни жорий йил 1 августдан бошланган.
Белгиланган тартибга асосан, тураржой ва ижара хонадонлари олиш жараёнлари давлат хизмати марказлари ва Ягона интерактив давлат хазматлари портали my.gov.uz портали орқали бепул электрон ариза бериш йўли билан амалга оширилади.
Регламентга мувофиқ, аризалар биринчи навбатда имтиёз ва устуворликларга эга тураржойга муҳтож талабалардан олинади. Шундан сўнг аризалар умумий рўйхатдаги талабалардан қабул қилинади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари