Малайзия университети билан ҳамкорлик
Давлатимиз раҳбарининг Малайзияга расмий ташрифи Шарқий Осиёнинг иқтисодий марказларидан ҳисобланган ушбу мамлакат билан муносабатларни янги тараққиёт босқичига олиб чиқди.
Кейинги йилларда стратегик аҳамият касб этиб бораётган ҳамкорлик алоқалари кўпгина соҳалар қаторида таълим йўналишида ҳам мустаҳкамланиб бораётганлиги таҳсинга сазовор. Ташриф чоғида бўлиб ўтган Биринчи Ўзбекистон-Малайзия таълим форуми доирасида Наманган муҳандислик-технология институти ректори вазифасини бажарувчи, профессор Ойбек Эргашев бошчилигидаги делегациянинг Малая университетига ташрифи ғоят самарали кечди.

Ташриф чоғида илмий-тадқиқотлар, академик алмашинув ва инновацион лойиҳалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий таълим технологияларини ўзлаштиришга алоҳида урғу берилди. Учрашувлар давомида Малая университети раҳбарияти билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, илмий тадқиқотлар ва инновациялар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш борасида келишувларга эришилди.
Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилувчи бундай ташаббуслар, таълим муассасалари ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлашга замин яратади. Музокаралар якунида Наманган муҳандислик-технология институти ва Малая университети ўртасида меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат таълим ва илмий тадқиқот соҳасидаги интеграцияни янада чуқурлаштириб, икки давлат олимлари ўртасидаги академик ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Келишув асосида инновацион дастурларни қўшма ишлаб чиқиш, талабалар учун малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Ўзбекистон ва Малайзия олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик лойиҳалари ҳамда глобал миқёсда илғор билим ва тажриба алмашинуви келажакда илм-фан соҳасида янги муваффақиятларга йўл очиши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА