Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги дўстлик, кўп қиррали шериклик жадал ривожланмоқда.
Давлатимиз раҳбари таклифига биноан Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим ўтган йил 17 май куни расмий ташриф билан юртимизга келган эди. Қизғин музокаралар давомида кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, энергетика, ислом молияси, экология, сунъий интеллект, туризм соҳаларида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш соҳасида илмий-амалий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланганди. Ўшанда олий таълим тизимидаги шерикликни янги босқичга кўтариш, жумладан етакчи университетлар ўртасида қўшма дастурларни йўлга қўйиш, ўзаро илғор тажриба билан ўртоқлашиш, талабалар алмашувини кенгайтириш масалалари ҳам кўтарилган.
Мазкур келишувларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида мамлакатимизнинг бир гуруҳ исломшунос олимлари Малайзияга илмий-маърифий ташриф уюштирди.
Ташриф дастурига кўра, Исломни англаш институтида ташкил этилган учрашувда Имом Мотуридий, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, мезбон таълим муассасасидан директор Муҳаммад Аъзам бин Муҳаммад Одил ва бошқа масъуллар иштирок этди.

Мулоқот чоғида Малайзия ва Ўзбекистоннинг диний-маърифий таълим ва илмий-тадқиқот ҳамкорлиги масаласи муҳокама қилинди.
Институт директори сўнгги йилларда юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан диний соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани, бу ижобий ўзгаришларни бутун дунё ҳамжамияти қатори Малайзиядаги илмий доиралар ҳам катта мамнуният билан қабул қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистондаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан шерикликнинг жорий ҳолатини юқори баҳолади.
Куни кеча Малайзиянинг Перлис университети делегацияси Бухоро муҳандислик-технология институтида бўлиб, раҳбарият билан музокара олиб борди. Суҳбат давомида таълим масканида Нанолаборатория ташкил этиш, шунингдек яшил қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологияси, Наноэлектроника муҳандислиги, магистратура босқичида қўшма дастур, тадқиқотчи ва изланувчиларга икки томондан илмий раҳбарлик, тадқиқотчилар илмий фаолиятига кўмаклашиш каби йўналишларни биргаликда ривожлантириш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Тошкент халқаро Вестминстер университети ҳамда Осиё ва Тинч океани технология ва инновациялар университети ўртасида қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини йўлга қўйиш, таълим ва инновация бўйича илғор тажриба билан ўртоқлашиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилиниб, ўзаро Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Дарвоқе, 1993 йил ташкил этилган Осиё ва Тинч океани технология ва инновациялар университети – Asia Pacific University of Technology & Innovation – APU Малайзия рақамли иқтисодиёт корпорациясининг рақамли технологияларга ихтисослашган етакчи университети мақомига сазовор бўлган. “QS Rankings” халқаро рейтингида дунёнинг етакчи 700 университети рўйхатидан жой олган. Муассаса ҳузурида саноатда сунъий интеллектни қўллаш, робототехника, кибер хавфсизлик, креатив индустрия, “Internet of Things” (IoT) технологияларини ривожлантириш бўйича илмий марказлар фаолият юритади.
2023 йил 14 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Малайзия ва Ўзбекистон: олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи” мавзусидаги халқаро анжуманда юртимизнинг етакчи олий таълим муассасалари қатори меҳмон делегация таркибида Олий таълим вазирлиги, Малака агентлиги, Таълим глобал хизматлари, Олий таълим раҳбарияти академияси, Утара, Ислом илмий, Султон Зайнул Обидин, Мара технология, Пендидикан Султон Идрис, Илмий, Сеги, Осиё Тинч океани Технология ва инновациялар, Путра университетлари вакиллари қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистондан Миллий университет, Банк-молия академияси ва Бухоро давлат тиббиёт институти, Малайзиянинг Султон Зайнул Обидин ҳамда Куала-Лумпур университетлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Глобал таълим хизматлари агентлиги – Education Global Services дунё бўйлаб Малайзия таълим тизимини тарғиб этиш, халқаро талабалар алмашинуви ва қўшма таълим дастурларини амалга ошириш билан шуғулланади.
Халқаро анжуман доирасида Тошкентга келган ушбу ташкилот бош ижрочи директори Нови Тожиддин ўзбекистонлик ёшларга таклиф этилаётган имкониятлар ҳақида гапириб берди:
– Малайзияда таҳсил олишнинг афзалликлари талайгина. Биринчидан, таҳсил олиш харажати нисбатан арзон, яшаш, саёҳат қилиш ҳам чўнтакбоп нархда. Иккинчидан, мамлакатимиз турли маданиятлар бешиги саналади. Бир ўлкада малай, хитой, ҳинд, панжоби каби кўплаб маданий анъаналарга ошно бўласиз. Қолаверса, Малайзия ҳам Ўзбекистон каби гўзал диёр – тоғ, денгиз, оролларга бой муҳитда мароқли таълим олиш мумкин. Энг асосийси, коллеж ва университетларимиз халқаро мезонларга жавоб беради.
Айни пайт бу давлат олий таълим муассасаларида 350 нафардан зиёд ўзбекистонлик ўғил-қиз таҳсил олмоқда.
Делегация аъзолари билан “Эл-юрт умиди” жамғармасида ўтган учрашувда 2024 йилдан бошлаб Малайзиянинг нуфузли университетларига ўқишга кирган Жамғарма стипендиатлари таълим олиш харажатини 20 фоиздан 50 фоизгача чегириш масаласи кўриб чиқилиши қайд этилди.
Мазкур мамлакатнинг етакчи хусусий олий таълим даргоҳларидан бири ҳисобланадиган, 2001 йил ташкил этилган, QS Rankings2023 жаҳон рейтингида 601-ўринни, Осиё олий таълим муассасалари орасида 147-ўринни эгаллаган Менежмент ва фан университети ҳамда Наманган вилояти олий таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашиш, ҳамкорликда таҳсил олишни йўлга қўйиш, қисқа муддатли курсларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар учун ҳалол саноат маҳсулотларини сертификатлаш бўйича ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Умуман, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида таълим жабҳасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.
2019 йил октябрь ойида Тошкент молия институти ҳузурида “Binary” менежмент ва тадбиркорлик университети билан қўшма факультет очилган.
2020 йил июнда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Малайзиянинг мазкур дорилфунуни ўртасида Урганчда университетнинг халқаро филиалини ташкил этиш тўғрисида уч томонлама шартнома имзоланган.
Ислом илмий университети – Universiti Sains Islam Malaysia – USIM эса мамлакатимиздаги кўплаб илмий-академик муассасалар билан ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорлик меморандуми имзолаган. Урганч давлат университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти билан тадқиқотларни биргаликда ўтказиш, мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, талабалар алмашиш бўйича битим тузган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА