Дуал таълим истиқболлари муҳокама қилинди
Андижонда “Дуал таълим тизими: Ўзбекистон ва Германия кўприги. Дуал таълимни ташкил этиш бўйича Андижон тажрибаси” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан, Ташқи ишлар, Инвестиция, саноат ва савдо вазирликлари, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган халқаро анжуманда Ўзбекистон ва Германия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, дуал таълим тизимини ривожлантириш, илғор хорижий тажрибаларни миллий таълим амалиётига жорий этиш ҳамда меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган рақобатбардош, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Санжар Мирзалиев, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Ахатов, мамлакатимиз олий ўқув юртлари ректорлари, дуал таълим бўйича юртимиз ва Германия олий таълим муассасалари мутасадди ва мутахассислари иштирок этган анжуман қатнашчилари дастлабки ижтимоий-гуманитар, қишлоқ хўжалиги, техника, тиббиёт ва педагогика йўналишлари бўйича гуруҳлари доирасида Андижон вилоятидаги қатор ишлаб чиқариш корхоналари, тиббиёт, таълим муассасаларида бўлишиб, уларда йўлга қўйилган дуал таълим жараёнлари, талабаларни амалий-касбий тайёрлаш, шунингдек, таълим муассасаси ва иш берувчи ўртасидаги ҳамкорлик тажрибалари билан танишди.
[gallery-32678]
Жумладан, ижтимоий-гуманитар йўналишдаги гуруҳ аъзолари “Uz-Tian jiao xong Аn” корхонаси, вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси, “Tezkor Glass group” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Андижон вилояти архивида, қишлоқ хўжалиги йўналиши иштирокчилари эса “Longping-Berеke” ўзбек-хитой уруғлик чигит тайёрлаш корхонаси, “Asr umidi” масъулияти чекланган жамияти, Олтинкўл туманидаги “Baxt Imkon rivoj” фермер хўжалиги, Балиқчи туманидаги “Chinobod real biznes” корхонаси фаолияти, шунингдек, таълим муассасалари билан ҳамкорликда дуал таълим тизимини йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Техника йўналиши гуруҳи аъзолари электробуслар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Kambel”, гидроэлектр станциялар учун жиҳоз ва ускуналар ишлаб чиқарувчи “Andijon Jinlun”, сув ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчи “Sanchuan” ҳамда кичик ҳажмдаги юк машиналари ишлаб чиқарувчи “FAW Truck” корхоналарида бўлишди.
Ташрифлар давомида корхоналарда яратилган ишлаб чиқариш шароитлари, замонавий технологик жараёнлар, ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда корхона фаолиятининг асосий йўналишлари билан яқиндан танишилди.
Шунингдек, иштирокчиларга корхоналарда дуал таълим тизими асосида талабаларни ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этиш, уларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Мутахассислар томонидан дуал таълим тизими бўлажак мутахассисларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш корхоналарининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
– Институтимизнинг 5 та факультетида 45 та таълим йўналиши ва 26 та магистратура мутахассисликлари бўйича 9 минг 487 нафар талаба таҳсил олади, – дейди Андижон давлат техника институти ректори, профессор Умиджон Турдалиев. – Улардан 2 минг 578 нафари битирувчи босқич талабалари ҳисобланади. Бугунги кунда институтимиз вилоятдаги 120 дан ортиқ йирик корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Битирувчиларимиз, шунингдек, юқори босқич талабаларимиз дуал таълим асосида ана шу корхоналарга жалб этилган.
Анжуманнинг Педагогика йўналиши гуруҳи аъзолари Бобур шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби, Андижон шаҳридаги 39-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти, “Muslima Bolajon” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 31-умумтаълим мактабида бўлди.
Халқаро анжуманнинг тиббиёт йўналиши гуруҳи “Makro City Farm”, “Emery pharma” корхоналари, Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси, клиника қошидаги стоматология ва симуляция ўқув-амалий марказларида йўлга қўйилган дуал таълим жараёнлари, талабаларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган машғулотлар билан яқиндан танишди.
Жумладан, анжуман иштирокчилари Андижон давлат тиббиёт институтининг 2 минг ўринли ўқув биносида бўлиб, талабалар учун яратилган замонавий таълим шароитлари ва имкониятларини кўздан кечирди. Иштирокчиларга институтда таълим жараёнини самарали ташкил этиш, назарий билимларни амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш, замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Кунинг иккинчи ярмида Андижон давлат тиббиёт институтида меҳмонлар ва халқаро экспертлар иштирокида анжуманнинг ялпи мажлиси ва тақдимотлар ўтказилди.
Ялпи мажлисда Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Комилжон Комилов, Таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Санжар Мирзалиев, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Ахатов сўзга чиқиб, анжуманнинг аҳамияти, дуал таълимни ривожлантириш, малакали ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш, уларнинг касбий амалий билимларини янада юқори босқичга кўтариш, бу борада Германия тажрибасини Ўзбекистон таълим тизимига мослаштириш масалалари хусусида гапирди.
Шундан сўнг мутасадди, мутахассис ва иштирокчилар томонидан тақдимотлар доирасидаги маърузалар ўқилди. Маъруза ва тақдимотларда дуал таълимни ташкил этишнинг халқаро стандартлари, Германия таълим моделининг ўзига хос жиҳатлари, таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш сектори ўртасидаги институционал ҳамкорлик механизмлари, назария ва амалиёт интеграцияси ҳамда кадрлар тайёрлаш самарадорлигини оширишнинг устувор йўналишлари, дуал таълимнинг истиқболлари атрофлича таҳлил қилинди, муҳокамалар, савол-жавоблар ўтказилди.
Иштирокчилар, экспертлар томонидан маърузалар, мавзу доирасидаги ишлар сифати, кўлами ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Мазкур анжуман Ўзбекистон ва Германия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, дуал таълимнинг самарали механизмларини юртимизда жорий этиш, оммалаштириш ҳамда бу борадаги Андижон тажрибасини халқаро миқёсда намоён этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари