Геология фанлари университетида комплекс давлат аккредитацияси доирасида ташқи баҳолаш бошланди
Бугун Геология фанлари университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан олийгоҳни комплекс давлат аккредитациясидан ўтказиш доирасида ташқи баҳолаш жараёнларининг биринчи кунги тадбирлари ўтказилди
Тадбирда университет раҳбарияти, экспертлар комиссияси аъзолари ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Ташқи баҳолаш аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Бахтиёр Йўлдошев, Геология фанлари университети ректори Азим Қодирхўжаев ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур жараён университетнинг таълим ва илмий-тадқиқот салоҳияти, замонавий лаборатория имкониятлари, мутахассислар тайёрлаш тизими ҳамда таълим сифатини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ҳар томонлама ўрганишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, ташқи баҳолаш жараёнларидан кўзланган асосий мақсад университет фаолиятини белгиланган мезонлар асосида холис ва ҳар томонлама баҳолаш, таълим сифатини таъминлаш тизими самарадорлигини ўрганиш ҳамда муассаса фаолиятини янада такомиллаштиришдан иборат.
Тадбир доирасида Геология фанлари университети ректори Азим Қодирхўжаев университетнинг фаолияти, стратегик ривожланиш мақсадлари, устувор йўналишлари, эришилган натижалари ва истиқболдаги режалари ҳақида маълумот берди.
Ректорнинг таъкидлашича, университет фаолияти аниқ лойиҳалар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик асосида ташкил этилган. Айни пайтда олийгоҳ таркибида тўртта алоҳида тузилма ва тўртта асосий илмий-тадқиқот институти фаолият юритади.

Шунингдек, университет қошида Геология музейи, тизим ходимлари малакасини оширишга ихтисослашган тузилма ва бошқа муассасалар мавжуд. Китоб геология миллий табиат боғи ҳамда Италиянинг Пиза университети билан ҳамкорликда ташкил этилган филиал ҳам олийгоҳ фаолиятининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
– Хусусан, Италиянинг ҳамкор Пиза университети билан қўшма таълим дастури йўлга қўйилган бўлиб, битирувчиларга ҳар икки университет дипломини олиш имконияти яратилган. Таълим жараёни инглиз тилида олиб борилади. Ҳозирда университетда геология билан бевосита боғлиқ бўлган олтита таълим йўналиши мавжуд. Сунъий интеллект йўналиши ўтган йилдан бошлаб жорий этилган. Университетнинг илмий салоҳиятини ошириш ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Ҳозирда илмий салоҳият кўрсаткичи 53 фоизни ташкил этади. Уни 60 фоиздан ошириш мақсад қилинган.
Талабаларни рағбатлантириш мақсадида бир қатор номдор ва махсус стипендиялар жорий этилган. Жумладан, вазирлик, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда Ўзбекистон технологик металлар комбинати стипендиялари шулар жумласидан.
Талабаларнинг хорижда тажриба орттириши, касбий билим ва амалий кўникмаларини ривожлантиришига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Польша, Германия ва Россия каби давлатларда стажировка дастурлари ташкил этилмоқда.
Шунингдек, университет халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга оширишга устувор аҳамият қаратмоқда. Жумладан, Германия, Хитой, Австрия, Италия, АҚШ университетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, – деди ректор.

Тадбирда қайд этилганидек, ташқи баҳолаш жараёнлари давомида таълим дастурларининг мазмуни, ўқув жараёнини ташкил этиш, талабалар билимини баҳолаш тизими, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳияти, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият, халқаро ҳамкорлик ҳамда моддий-техник базага алоҳида эътибор қаратилади.
25-26 ноябрь кунлари профессор-ўқитувчилар, талабалар, битирувчилар ва иш берувчилар билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилади. Бунда таълим дастурларининг меҳнат бозори талабларига мувофиқлиги, битирувчиларнинг касбий компетенциялари, таълим сифати ва талабалар учун яратилган шароитлар баҳоланади.
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Бахтиёр Йўлдошевнинг таъкидлашича, Геология фанлари университетининг комплекс давлат аккредитацияси доирасидаги ташқи баҳолаш жараёнларига 20 нафарга яқин эксперт жалб этилган. Улар томонидан олий таълим муассасасидаги таълим сифати тизими ҳар томонлама ўрганилади.
– Бунда, аввало, талабаларнинг таълим жараёни, профессор-ўқитувчилар фаолияти ва берилаётган билимлар сифатидан қониқиш даражасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига академик, молиявий ва ташкилий мустақиллик берилди. Бу эса ўқув дастурларини мустақил шакллантириш, илғор хорижий университетлар тажрибасини жорий этиш имкониятларини кенгайтирди. Аккредитация жараёнида мазкур дастурларнинг самарадорлиги, талабаларнинг олган билимларини амалиётда қўллай олиши ва меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис бўлиб етишиши каби мезонлар экспертлар томонидан батафсил баҳоланмоқда.

Шунингдек, университетнинг истиқболдаги ривожланиш стратегияси билан ҳам танишдик. Ўрганишлар давомида ички имтиҳон тизимини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ишларини саноат эҳтиёжлари ва соҳадаги долзарб муаммоларга йўналтириш, олимларни амалий тадқиқот лойиҳаларига кенгроқ жалб этиш, хорижий талабалар сонини ошириш бўйича ўз тавсияларимизни бердик.
Ишонаманки, бундай баҳолаш жараёнлари университетнинг янада ривожланиши, олдига қўйган мақсад ва вазифаларига эришишига хизмат қилади. Энг муҳими, мамлакатимиз олий таълим тизимини халқаро миқёсда муносиб намоён эта оладиган рақобатбардош ва илғор олий таълим муассасаларини шакллантиришга ҳисса қўшади, – деди у.
27 ноябрь куни эса университетнинг таълим сифатини таъминлаш тизими, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолияти, халқаро ҳамкорлик алоқалари, инсон ресурсларини ривожлантириш, талабалар турар жойидаги яшаш шароитлари ва инклюзив муҳит ўрганилади.
Ташриф якунида экспертлар комиссияси томонидан дастлабки фикр-мулоҳазалар билдирилади. Аккредитация бўйича якуний қарор белгиланган тартиб ва муддатларда қабул қилинади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА