Малака ва касбий салоҳият халқаро меҳнат бозорида янги имкониятлар калити
Президент ташрифидан сўнг...
Инсоннинг меҳнат қилиши, ўз касби орқали даромад топиши ва оиласи фаровонлигини таъминлашга интилиши замирида, шубҳасиз, яхши ҳаётга бўлган умидлар мужассам. Бугун фуқароларимизга ана шу мақсадларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, юртимизда билим ва касб эгаларининг ўз салоҳиятини дунё саҳнасида намоён этиши ҳамда халқаро меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши учун барча шароит кенгаймоқда. Албатта, бу борада фақат истакнинг ўзи кифоя қилмайди. Замон талабига мос касб, пухта малака, хорижий тилларни билиш ҳамда хавфсиз ва қонуний меҳнат кафолати ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Жаҳон меҳнат бозорида билимли ва малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж ҳамиша юқори бўлиб келган. Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё бўйича 168 миллион киши хорижда меҳнат қилмоқда. Бир томондан, қатор мамлакатларда ишчи кучига талаб ортиб бораётган бўлса, иккинчи томондан, юртимизда ҳам халқаро тажриба орттириш истагидаги фуқароларимиз талайгина. Демак, бу борадаги глобал талаб ва ички таклифни ўзаро уйғунлаштириш, юртдошларимизни мақсадли тарзда аниқ иш ўринларига тайёрлаш ҳар томонлама фойдалидир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 2 ноябрь куни меҳнат миграцияси соҳасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда айнан шу масалалар марказий мавзуга айланди. Йиғилишда халқаро меҳнат бозори тақдим этаётган имкониятларни тўлиқ ишга солиш, фуқароларни бозор талабларига мос касб-ҳунар ва чет тилларига ўргатиш ҳамда улар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини кафолатлаш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Йиғилишда тилга олинган биргина рақамнинг ўзиёқ соҳадаги ҳақиқий манзарани яққол кўрсатиб беради: жорий йилнинг ўзида Германиядан 45 минг нафар мутахассисга буюртма келиб тушган бўлса-да, амалда атиги 2 минг нафар юртдошимиз ишга жойлашган, холос. Бунинг бош сабаби, немис тилини мукаммал биладиган малакали кадрларнинг етишмаслигидир. Мазкур ҳолат хорижда ишлаш истагини шунчаки орзу эмас, балки аниқ касбий маҳорат ва тил кўникмалари билан мустаҳкамлаш, таълим тизимини эса тўғридан-тўғри хорижлик иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириш зарурлигини англатади.
Шу билан бирга, бугун нафақат Европа, балки Осиё бозорида ҳам янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги меҳнат миграцияси йўналишидаги ҳамкорлик йил сайин амалий мазмун касб этмоқда. Бунга яққол мисол сифатида Япониянинг кучли бренди ҳисобланган “Onodera User Run” компанияси билан йўлга қўйилган шерикликни келтириш мумкин. Ушбу ҳамкорлик доирасида юртдошларимизни ҳайдовчилик, ҳамширалик (парвариш) ва умумий овқатланиш соҳалари бўйича япон тили ҳамда касбий стандартларга мос равишда тайёрлаш дастурлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
– Президент Шавкат Мирзиёев раислигида меҳнат миграцияси соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон ҳукумати фуқароларни хорижда барқарор ва хавфсиз иш ўринлари билан таъминлаш масаласига қанчалик катта эътибор қаратаётганига гувоҳ бўлдим, – деди Япониянинг “Onodera User Run” компанияси директори Жун Като. – Бу борада амалга оширилаётган тизимли ишлар ва истиқболли режалар бизда жуда катта қизиқиш уйғотди. Шу боис, Ўзбекистондан Японияга ишчи кучини жалб этиш кўламини янада кенгайтириш, айниқса, ҳайдовчи кадрларни тайёрлашни кўпайтириш ташаббуси билан чиқдик. Бу мақсадга эришиш учун мамлакатингизда Япония тажрибаси ва ўқитиш усуллари асосида фаолият юритадиган махсус автомактаб ташкил этишни режалаштиряпмиз. Келгусида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстона алоқалар янада мустаҳкамланиб, ҳамкорлигимиз янги босқичга чиқишига ишонаман.
Навбатдаги муҳим қадам – нуфузли хорижий иш берувчилар билан мана шундай тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтиришдир. Бу эса, ўз навбатида, замон талаб қилаётган касблар бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлашни тақозо этади. Мазкур жараёнда таълим, касбий кўникма ва ишга жойлаштириш босқичларини бир-бирига мустаҳкам боғлайдиган марказларнинг ўрни беқиёсдир. Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида фаолият юритаётган “Интил” халқаро тил ва касб маркази айнан шундай эзгу мақсадга хизмат қилиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2 ноябрь куни ушбу марказга ташрифи ҳамда у ерда яратилган шароитлар билан бевосита танишгани мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.

Қарийб 3,5 гектар майдонни эгаллаган ушбу замонавий мажмуада хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ барча жараёнлар “ягона тизим” асосида ташкил этилган. Бу ерда фуқаронинг дастлабки мурожаати ва маслаҳат олишидан тортиб, тил ҳамда касб ўрганиши, имтиҳон топшириши ва хорижга йўл олишигача бўлган барча босқичлар бир манзилда – марказнинг ўзида амалга оширилади.
Мажмуанинг фронт-офисида фуқароларга консалтинг хизматлари кўрсатилиб, виза масалаларида яқиндан кўмаклашилмоқда. Марказда халқаро меҳнат бозорида энг харидоргир бўлган немис, инглиз, япон, корейс, чех, поляк, итальян ва словак тиллари чуқурлаштирилган ҳолда ўргатилади. Касбий тайёргарлик эса 12 та асосий йўналишни қамраб олган. Тингловчилар тиббиёт (палата ҳамшираси), пайвандчилик, электр ва сантехника ишлари, омбор логистикаси, қурилиш, меҳмонхона ва ресторан хизмати ҳамда ошпазлик каби юқори даромадли соҳалар бўйича ҳам назарий, ҳам амалий кўникмаларни пухта эгалламоқдалар.

– Марказимизда хорижда фаолият юритиш истагида бўлган юртдошларимизнинг малакасини мақсадли ва манзилли равишда ошириб борамиз, – деди “Интил” халқаро тил ва касб марказининг электромонтаж йўналиши устози Мадинабону Давлатжонова. – Мақсадли тайёргарлик деганда, барча тингловчиларга бир хил, умумий дастур асосида таълим беришни эмас, балки ҳар бир хорижлик иш берувчининг аниқ талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, махсус ўқув режаларини ишлаб чиқишни назарда тутамиз. Шу асосда фуқароларнинг мавжуд тажрибасини чархлаймиз ёки уларни бутунлай янги касбга қайта тайёрлаймиз. Марказимиз яқинда иш бошлаганига қарамай, аллақачон Германиянинг нуфузли “RRG” компанияси томонидан қарийб 200 та иш ўрни учун буюртма олдик. Айни пайтда ушбу талаб асосида, пилот лойиҳа доирасида дастлабки номзодларни пухта тайёрлашни бошлаб юборганмиз.
Хулоса ўрнида айтганда, бугун меҳнат миграцияси соҳасидаги янги ва замонавий ёндашув фуқароларни шунчаки хорижга юбориш эмас, балки уларни аниқ иш ўринлари ва иш берувчиларнинг юқори стандартларига мос равишда тайёрлашни назарда тутади. Бу тизимли ислоҳотлар замирида эса ягона ва улуғвор мақсад мужассам, ҳар бир юртдошимизнинг хорижда қонуний, хавфсиз ва муносиб шароитларда меҳнат қилишини таъминлаш, уларнинг барқарор даромад топиб, ўз оилалари фаровонлигига ҳисса қўшишларига кўмаклашишдир.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА