Малака оширишга кетган ўқитувчининг ўрнига ўтилган дарс учун устама тўланадими?
Қонунчиликка кўра, агар ўқитувчи малака оширишга кетган ўқитувчининг ўрнига дарс ўтган бўлса, ушбу соатлар учун унга белгиланган тартибда соатбай ҳақ тўланиши лозим. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарори тасдиқланган.
Бу борада Тошкент давлат Юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагича маълумот берди:
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 275-сонли қарори билан тасдиқланган "Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида"ги низомнинг 12-банди 2-хатбошисига кўра, педагог ходимлар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш тизими қўлланилади. Бу тартиб, хусусан, касаллик ёки бошқа сабаблар,шу жумладан, малака ошириш билан ишда бўлмаган ходимларнинг ўрнини босиш тартибида ишлаб берилган соатлар учун ҳақ тўлашда ишлатилади.

Ўрнини босиш тартибидаги бундай меҳнатга ҳақ тўлаш кетма-кет икки ойдан ортиқ бўлмаган давр учун амалга оширилади.
Агар ўқитувчи малака оширишга кетган ўқитувчининг ўрнига дарс ўтган бўлса, ушбу соатлар учун унга белгиланган тартибда соатбай ҳақ тўланиши лозим.
Истисно ҳолат Меҳнат кодексининг 259-моддаси 2-қисмига кўра:
Вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вазифаси штатдаги унинг ўрнини босадиган шахс масалан, лавозим йўриқномасида ўринбосарлик кўрсатилган ходим зиммасига асосий ишидан озод этилмаган ҳолда юклатилганда қўшимча тўлов амалга оширилмайди. Бироқ ўқитувчиларнинг дарс соатлари бўйича ўрнини босиш одатда соатбай ҳақ тўлаш тартибида расмийлаштирилади.
Асос: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 275-сонли қарори билан тасдиқланган "Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида"ги низом.
Гулноза Бобоева,
ЎзА