Абдували Қутбиддин: “Танланган асарлар”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Усмон Носир мукофоти лауреати, “Энг улуғ, энг азиз ватан” анъанавий кўрик танлови ғолиби, “Олтин қалам” Миллий мукофоти соҳиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Дўстлик” ордени соҳиби Абдували Қутбиддиннинг “Танланган асарлар” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
“Танланган асарлар”дан шоирнинг турли йилларда нашр этилган “Найсон”, “Ҳумо”, “Бахт йили”, “Сен ва сен учун”, “Хаёл кечаси”, “Узоқдан олисга”, “Бор” аллегорияси” тўпламлари ва шоир ҳаётлигида нашр юзини кўрмаган “Кошиний” номли китоби, “Изоҳсиз луғат” ҳамда Ватанимиз истиқлолига бағишланган “Озодлик” достони жой олган.
Абдували Қутбиддин XX аср ўзбек шеъриятида алоҳида ўрин эгаллайдиган, ўзига хос сўз заргарларидан эди. У бой, ранг-баранг ижоди орқали ўзининг ҳаяжонга тўла жозибали оҳанглари, ҳайратланарли ташбеҳ ва истиоралари билан илоҳий илҳом ва шоирнинг тафаккур олами нақадар чексиз бўлиши мумкинлигини кўрсатди, таъбир жоиз бўлса, исботлади.
Инсоний ва илоҳий муҳаббат, Ватан ва миллат дарди, одам ва олам ҳақидаги ҳиссий ва фалсафий шеърлари билан ўзига хос мактаб яратди.
Буғдойзорнинг нафас олишидай,
Чигиртканинг сассиз сакрашидай.
Ҳансираган тўзоннинг йиқилишидай
Умидли дунёда,
Умидланаман.
Чумчуқ кўзин сўлакдай оқизган
Нурларга таъм берган гилосдай.
Депсиниб буқадай тушовин узган,
Умидли дунёда
Умидланаман.
Кипригим тароғу, қорачиқ кўзгу,
Лабимда булоғу, юзимда уйқу
Топган сулувимга кўксимни очсам,
Юрагим лагандир ичида орзу...
Умидли дунёда
Умидланаман...
Ўзбекистон халқ шоири, шоирнинг устози Рауф Парфи Абдували Қутбиддин ижоди ҳақида шундай ёзган эди: “У борлиқни яланғоч тасаввур қила олмайди. Қалбига муҳр босган ҳар бир лаҳзани, воқеа ва ҳодисани ичкин ҳис қилиб, камалакдек жило беради.
У ҳар бир шеърида янги ранглар, оҳанглар излаб топишга интилади. Дафъатан шоир кечинмаларини илғаш қийиндек, тасаввурингизда бу ингичка ҳолатлар бир-бири билан узвий эмасдек туюлиши мумкин. Фавқулодда ўхшатишлар, киноялар, истиоралар...
Ўқиб, ажабланасиз, бу шеърлар бошқаларнинг шеърларига сира ўхшамайди...”
Нурим, қорачиққинам,
Ерим, онажонгинам!
Пойтахтдан етиб келдим мен,
Қўйнимдаги битта тонг билан.
Чўпонота қирлари ёнган,
Ловуллайди рангин машъала,
Тили билан дилимга теккан,
Қандай қилиб айтмай ашула.
Баҳорнинг илк ёмғирларидан
Кўнгли тошиб кетгандай Дарғом.
Тўкай дедим мен ҳам бағримни,
Юрагимнинг ёмғири – Найсон.
Нурим, қорачиққинам,
Ерим, онажонгинам!
Умидимни етаклаб келдим,
Остонада турибмиз бирга...
“Озодлик” номли достонида эса у шундай дейди:
Озодлик, сени мен кўзимнинг
Қони-ла ювганман,
Сен-ла илиганман, сен-ла совиганман.
Юрагим ичида боламдай кўрганман,
Лабингга лаб қўйиб таъмингни сўрганман...
Ҳеч кимга ўхшамаган шоирнинг ҳеч кимга ўхшамаган шеърларини, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА