Бугун эрта тонгдан билим олиш иштиёқида жонажон таълим даргоҳи томонидан йўлга чиққан ўғил-қизларнинг юзларида ўзгача ҳаяжонни кўриш мумкин.
Тошкент вилоятидаги 876 умумтаълим мактабида “Биринчи қўнғироқ” тадбири билан дарслар бошланди. Жорий ўқув йилида 54 минг 800 нафар болажон 1-синфга қадам қўйди. Уларга совғалар тантанали равишда топширилди.


Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Чирчиқ шаҳридаги 19-умумтаълим мактабида бўлиб, ўқувчиларга Президент совғаларини тақдим этди. Шу билан бирга, 360 ўринли мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросими ўтказилди. Ҳудудда инвестиция давлат дастури бўйича 24,1 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 990 ўринли умумтаълим мактаби ва 13 миллиард сўм маблағга мактабгача таълим ташкилоти янгидан қурилиб, замонавий жиҳозлар, сўнгги русумдаги ахборот технологиялари билан жиҳозланди.


“Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ўтказилган тадбирда ёшларнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятлар яратиб берилгани таъкидлаб ўтилди.
Қолаверса, ўқувчиларга мактаб даврида яхши ўқиб, вақтдан унумли фойдаланиш муҳимлиги ҳақида суҳбат қилинди. Чет тилларни ўрганиш, компьютер технологиялари ва аниқ фанларни чуқур ўрганиш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Шундан сўнг қўнғироқ чалинди ва синфларда дарслар бошланди.


А.Мусаев, ЎзА.