Мактаб бозори: Савдогарлар маҳсулот нархини атай арзон айтадими?
Янги ўқув йили бошланишига оз муддат қолди.
Янги ўқув йили бошланишига оз муддат қолди. Шу кунларда бозорлар жуда гавжум. Ота-оналар фарзандига мактаб формаси, ўқув қуроллари харид қилмоқда. Уларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар йили август ойида мактаб бозорлари ташкил этилади.
Маълумотга кўра, мактаб бозорларининг 931 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 293 таси аҳоли гавжум бозорлар ҳудуди ва атрофларида, 528 таси йирик савдо комплекси ва дўконларда ташкил этилган.
Мактаб бозорларида 26 турдаги ўқув қуроллари ва жиҳозлари тақдим этилаётгани айтилмоқда.
Биз Тошкент шаҳрининг энг гавжум бозор – “Чилонзор” буюм бозоридаги нархлар билан қизиқдик.
Бу ерда ручка 500 сўмдан 4000 сўмгача, қора қалам 1000 сўмдан 2000 сўмгача, умумий дафтар 1300 (36 вароқ), 1800 (48 вароқ), 12 варақли дафтар 400 сўм, рангли қалам тўплами 5000 минг сўмдан 35 минг сўмгача, ўчирғич 500 сўмдан 4000 сўмгача, фломастер тўплами 6000 минг сўмдан 30 000 сўмгача, расм альбоми 4000 минг сўмдан 18 минг сўмгача, қаламдон (пеналь) 3000 сўмдан 38 минг сўмгача, кундалик 3000 сўмдан 30 минг сўмгача, китоб муқоваси 4000 сўм (1-5-синфлар учун), 6000 сўм (6-11-синфлар учун), дафтар муқоваси 4000 сўм.
Қуёшли бозорида ўқув анжомлари улгуржи нархда сотилади.
Бу ердаги баъзи маҳсулотларнинг нархини келтириб ўтамиз.
Ручка 800 сўмдан 1200 сўмгача, қора қалам 850 сўмдан 1000 сўмгача, умумий дафтар 1150 сўмдан 2700 сўмгача (вароқлари сонига қараб), 12 варақли дафтар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларники 385 сўм, чет эл маҳсулоти 410 сўм, рангли қалам тўплами 12 минг сўмдан бошланади, қаламтарош 2500 сўмдан бошланади (сифати ва шаклига қараб ўсиб боради), фломастер тўплами 11 минг сўмдан бошланади, расм альбоми 4000 сўмдан бошланади, қаламдон (пеналь) турига қараб пули белгиланади, чидамлироқ деб ҳисоблангани 20 минг сўмдан юқори, кундалик 2000 сўм ва 9000 сўм (қаттиқ ва юмшоқ муқовасига қараб), рангли бўёқлар 9500 сўмдан бошланади, китоб муқоваси 2000 сўм (1-6-синфлар учун), 3000 сўм (7-11-синфлар учун), дафтар муқоваси (20-24 та) 2500-4000 сўм.
Пойтахтимиздаги “Чорсу“ бозоридаги мактаб ярмаркасидаги нархлар билан ҳам қизиқдик. Савдогарларнинг айтишича ручкалар 500 сўмдан 1000 сўмгача, 12 вароқли дафтарлар 300-500 сўмгача, умумий дафтар вароқ сонига қараб 1200 сўмдан бошланади.
Биз борган савдо объектларида аввалига бизни харидор деб билган сотувчилар ўқув қуролларининг нархини очиқ-ойдин айта бошлаган бўлса, олувчи эмас, балки бу борада мақола тайёрлаётганимизни билгач, баъзи ўқув қуролларининг нархини пасайтириб айта бошлади. Баъзилари эса мактаб бозори қилсангиз ҳаммасини ҳисоблаб, нархини ҳам арзон қилиб бераман деган жавобни бера бошлади.
Қайсики бозорга борсангиз, маҳсулотлар нархида тафовутни кўрасиз. Нега?
Сотувчиларнинг фикрича, битта маҳсулотни 50 сўм арзон қилиш эвазига бошқа маҳсулот устига ўша нарх қўйилади. Буни қарангки, харидорлар билмайдиган, эътибор қилмайдиган жиҳатлар ҳам бор. Харидорни жалб қилиш учун ўқув қуролларининг нархи ҳар кимда ҳар хил, деб ҳисоблаймиз ва иккиланамиз. Аслини олганда харид қилаётганда қайси жой ва сотувчидан олишингиздан қатъий назар охирги ҳисобланган миқдор деярли бир хил бўлади (кўп ҳолларда).
Бозорларда доимий ишловчи, алоҳида китоб-дафтар сотиш билан шуғулланадиган дўконларда эса нархлар улгуржи бозорга қараганда 200 сўмдан 1000 сўмгача қимматроқ.
Шунингдек, шаҳар бўйлаб кўплаб филиалларига эга бўлган “korzinka.uz” ва “makro” йирик савдо мажмуаларида ҳам мактаб бозорлари ташкил этилган.
Korzinka.uz дўконлар тармоғидаги мактаб бозорларида 36 вароқли умумий дафтар 1290 сўм бўлса, 48 вароқлиси 1490 сўм, 96 вароқли дафтар эса 2990 сўм турибди. Рангли қалам тўпламини 11 990 сўм, расм альбомини 4990 сўм, кундаликнинг энг арзонини 1990 сўмдан бошлаб топиш мумкин.
“Makro” дўконларида умумий дафтар 1890 сўм (36 варақли), 2290 сўм (48 варақли), 4290 сўм (96 варақли), ручка 990 сўмдан бошланади. Расм альбоми 4090 сўм этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, бу йил мактаб формаси мажбурий эмас. Шу боис мактабнинг ички тартиб-қоидаларига кўра кийим харид қилса бўлади.