Маҳаллий кенгашлар фаолиятида янги босқич: Коллегиал бошқарув ва «кенгаш соати» халқ ҳокимиятчилигини мустаҳкамлайди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат бошқарувини демократлаштириш, жойлардаги долзарб масалаларни бевосита аҳоли вакиллари иштирокида ҳал этиш борасида туб бурилиш ясалди.
Айниқса, маҳаллий ижро этувчи ва вакиллик ҳокимияти ваколатларининг аниқ чегараланиши халқ депутатлари Кенгашларининг мустақил назорат органи сифатида шаклланишига кенг йўл очди. 2026 йил 12 ноябрда Президентимиз томонидан имзоланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ЎРҚ–1188-сон Қонун ушбу ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги поғонага олиб чиқди.
Кенгаш раиси ва ўринбосари: холис етакчилик ва доимий ташкилий таянч уйғунлиги
Янги Қонун билан ўзгартирилган ва янги таҳрирда баён этилган 16¹–16⁴-моддаларда халқ депутатлари Кенгаши раиси ва унинг ўринбосари мақоми, уларни сайлаш ҳамда лавозимидан озод қилиш тартиби аниқ белгилаб қўйилди. Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари Кенгаш ваколатлари муддатига сайланади ҳамда ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, раис ва унинг ўринбосари ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради, доимий комиссиялар ва партия гуруҳлари таркибига кирмайди. Бу меъёр Кенгаш раҳбариятининг барча сиёсий кучлар ва депутатлар учун бирдек холис, бетараф модератор сифатида иш юритишини таъминлайди.
Раис ва ўринбосарни сайлаш жараёни ҳам очиқ, демократик асосга қўйилди. Энди Кенгашнинг биринчи сессияси айнан раис ва ўринбосарни сайлашдан бошланади. Бунинг учун сайловда иштирок этган ҳар бир сиёсий партия депутатларидан иборат сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи тузилиб, номзодлар ана шу гуруҳ тавсияси асосида депутатлар орасидан кўрсатилади ва депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан сайланади. Шу билан бирга, бир шахс бир вақтнинг ўзида бошқа вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг раиси ёки ўринбосари этиб сайланишига йўл қўйилмайди. Муддатидан илгари озод қилиш масаласи эса депутатлар умумий сонининг камида учдан бир қисми таклифи билан кўриб чиқилиб, учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан ҳал этилади.
Қонуннинг 20-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, Кенгаш раисининг ўринбосари бир вақтнинг ўзида тегишли Кенгаш котибиятининг мудири ҳисобланади ва бу лавозимда доимий асосда фаолият юритади. Котибият ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколати ҳам бевосита унга берилди, раис йўқлигида эса унинг ваколатларини ўринбосар бажариб туриши қонунан мустаҳкамланди. Бу Кенгаш аппаратининг ижро ҳокимиятидан ташкилий ва кадрлар жиҳатидан мустақил ишлашини кафолатлайди.
Кенгаш Раёсати — коллегиал бошқарув ва сиёсий мувозанат майдони
Қонундаги муҳим институционал янгиликлардан бири — 16⁵-модда билан Халқ депутатлари Кенгаши Раёсатининг ташкил этилишидир. Илгари сессияларни чақириш ва кун тартибини шакллантириш жараёнларида доимий ишловчи коллегиал тузилма етишмас, бу эса айрим ҳолларда доимий комиссиялар ва партия гуруҳлари таклифларининг етарлича инобатга олинмаслигига сабаб бўлар эди. Эндиликда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида тузиладиган Раёсат таркибига Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, партия гуруҳлари раҳбарлари, доимий комиссиялар раислари, шунингдек ҳоким киради.
17-моддага киритилган тузатишга мувофиқ, энди халқ депутатлари Кенгаши сессиясини Кенгаш Раёсати чақиради. Раёсат сессия кун тартиби лойиҳасини шакллантиради, доимий комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштиради ва Кенгаш ишини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ўз аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан ҳал қилади.
Агар сессияда раис ҳам, унинг ўринбосари ҳам иштирок эта олмаса, мажлисни энг кўп депутатлик ўрнини олган партия гуруҳи раҳбари олиб боради. Бундай таркиб ва тартиб Кенгаш ичидаги сиёсий партиялар, комиссиялар ҳамда ижро ҳокимияти ўртасида доимий мулоқот ва ўзаро тийиб туриш мувозанатини яратади.
“Кенгаш соати” — маҳаллий ижро органлари масъулиятини оширувчи таъсирчан механизм
Жойларда аҳоли томонидан тез-тез кўтариладиган масалалардан бири ҳудудий бошқарма ва бўлим раҳбарларининг депутатлар олдидаги ҳисобдорлиги қай даражада амалий натижа бераётганидир. Қонун билан VI бобга киритилган янги 25⁹-модда айнан шу йўналишда “Кенгаш соати” институтини жорий этди. Бу — Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Ҳукумат соати” амалиётининг туман, шаҳар ва вилоят даражасига туширилган, халқчил кўринишидир.
Эндиликда Кенгаш депутатлари, доимий комиссиялар ёки партия гуруҳлари ташаббуси асосида Кенгаш Раёсатида “Кенгаш соати”ни ўтказиш масаласи кўриб чиқилади. Шакллантирилган долзарб саволлар Кенгаш раиси томонидан тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига олдиндан юборилади, раҳбарлар эса бевосита Кенгаш сессиясида, кенг жамоатчилик кўз ўнгида депутатларнинг саволларига жавоб беради. Бундай очиқ мулоқот маҳаллий раҳбарларнинг коммунал хизматлар, йўл, таълим, тиббиёт ёки бандлик каби кундалик муаммолар юзасидан масъулиятини кескин оширади ва ижро интизомини мустаҳкамлайди.
Қонун ижроси — жойлардаги очиқлик ва натижадорлик гарови
Қонуннинг 2 ва 3-моддаларига мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор ташкилотлар мазкур ҳужжат мазмун-моҳиятини ижрочилар ва аҳолига етказиш, Вазирлар Маҳкамаси эса ҳукумат қарорларини унга мувофиқлаштириш чораларини кўради. Расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган ЎРҚ–1188-сон Қонун республикамиздаги барча вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида бошқарув маданиятини янги поғонага кўтаради.
Котибият мудири мақомида доимий ишлайдиган раис ўринбосари, коллегиал қарорлар қабул қилувчи Кенгаш Раёсати, партия гуруҳларининг кучайган овози ва сессия минбаридаги “Кенгаш соати” — буларнинг барчаси жойларда “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойилини амалда рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Қабул қилинаётган ҳар бир маҳаллий қарор ортида сайловчилар манфаати, шаффофлик ва вакиллик назоратининг туриши ана шу ислоҳотларнинг бош самараси бўлиб қолади.
Бахтиёр БЕКМУРЗАЕВ,
Демократик жараёнларни
таҳлил қилиш маркази эксперти