"Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Маҳаллий Кенгашларда раис ўринбосари лавозими, Кенгаш Раёсати ва «Кенгаш соати» институтлари жорий этилди.
Мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида 2026 йилнинг 12 ноябрида Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонуни қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат маҳаллий Кенгашлар фаолиятида бошқарувни янада самарали ташкил этиш ҳамда вакиллик назоратининг янги шаклларини жорий этишга қаратилган.
Қонунга мувофиқ, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида Кенгаш раисининг ўринбосари лавозими жорий этилди. Кенгаш раисининг ўринбосари Кенгаш ваколатлари муддатига депутатлар орасидан сайланади, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади ҳамда вазифасини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради. Шунингдек, у бир вақтнинг ўзида доимий асосда фаолият юритувчи Кенгаш котибиятининг мудири ҳисобланиб, котибият ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатига эга бўлади. Кенгаш раиси йўқлигида ёки у ўз вазифаларини бажариши мумкин бўлмаган ҳолларда унинг ваколатларини Кенгаш раисининг ўринбосари бажариб туради.
Яна бир муҳим янгилик сифатида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Кенгаш Раёсати институти ташкил этилди. Кенгаш Раёсати таркибига Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, партия гуруҳлари раҳбарлари, доимий комиссиялар раислари ҳамда тегишли ҳудуд ҳокими киради. Раёсат Кенгаш сессияси кун тартиби лойиҳасини шакллантиради, сессияни чақиради, доимий комиссиялар ишини мувофиқлаштириб боради ва ўз аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.
Бундан ташқари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг депутатлар олдидаги ҳисобдорлигини ошириш мақсадида «Кенгаш соати» институти йўлга қўйилди. Унга кўра, Кенгаш депутатлари, доимий комиссиялар ва партия гуруҳлари ташаббуси асосида шакллантирилган саволлар Кенгаш раиси томонидан тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига юборилади. Ижро органлари раҳбарлари эса Кенгаш сессиясида депутатларнинг саволларига бевосита жавоб беради.
Расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган ушбу Қонун маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни ҳал этиш борасидаги таъсирчан назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
ЎзА