Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини ривожлантиришда янги тизим жорий этилмоқда

2026 йил 4 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–17-сонли “Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан бошлаб республика ва ҳудудлар бозорини чуқур таҳлил қилиш орқали миллий иқтисодиётда қўшилган қиймат занжирларини кенгайтиришга хизмат қиладиган рақобатбардош маҳсулотлар рўйхати соҳалар кесимида босқичма-босқич шакллантирилиб, оммавий эълон қилиб борилади.

Фармон ижросини таъминлаш доирасида қабул қилинган қарорга мувофиқ, Рақобат қўмитасига товар ва хизматлар бозорларининг тўйинганлик даражасини ўрганиш вазифаси юклатилди.

Айни пайтга қадар Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан товар ва молия бозорлари ҳамда иқтисодиёт тармоқларида илғор эконометрик ва инновацион ёндашувлар асосида 150 дан ортиқ таҳлилий ишлар амалга оширилди. Натижада, мамлакатимизда ишлаб чиқаришга тавсия этилиши мумкин бўлган 110 турдаги товар бозори аниқланиб, тадбиркорлик имконияти мавжуд соҳалар маҳсулотлар бўйича тўйинганлик даражаси кесимида шакллантирилди.

Таҳлилий маълумотлар инфографика кўринишида Рақобат қўмитаси ҳамда Марказнинг расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлари орқали жамоатчиликка етказиб борилмоқда. Бу эса инвесторлар ва тадбиркорларга ишлаб чиқариш учун истиқболли маҳсулотлар ҳақида очиқ, шаффоф ва ишончли ахборотлардан фойдаланиш имконини бермоқда.

Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари бозорларида нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида тухум, сут, сабзи, пиёз, картошка, мол ва парранда гўшти каби маҳсулотлар бўйича ишлаб чиқаришдан тортиб якуний истеъмолчигача бўлган занжир таҳлил қилиниб, эконометрик инструментлар асосида қисқа муддатли нарх прогнозлари ишлаб чиқилмоқда. Ушбу таҳлилий маълумотлар ва таклифлар мунтазам равишда Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилмоқда.

Шунингдек, республика иқтисодиётида рақобат ва ишбилармонлик муҳитини баҳолашга хизмат қилувчи бизнес фаоллиги индекси ҳамда ҳудудий рақобатбардошлик индекси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Бизнес фаоллиги индекси АҚШда қўлланиладиган Purchasing Manager’s Index (PMI) ва халқаро амалиётда кенг тан олинган методологиялар асосида шакллантирилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 50 банддан юқори бўлса, иқтисодиётда барқарор ўсиш ва фаолликнинг ортиб бораётганини англатади.

Ҳудудий рақобатбардошлик индекси эса АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, республикадаги 14 та маъмурий-ҳудудий бирлик кесимида инвестицияларни жалб этиш, меҳнат ресурслари, инфратузилма, ижтимоий барқарорлик ва рақобат муҳитини комплекс баҳолаш имконини яратади.

Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Тадқиқотлар маркази томонидан мазкур йўналишдаги таҳлил ишлари тизимли равишда давом эттирилмоқда.

Хамроз Баянов, ЎзА