Маҳаллий электротехника маҳсулотларига ички бозорда талабни рағбатлантирувчи янги механизмлар жорий этилади
Ўзбекистон электротехника корхоналари хорижий давлат харидларида ҳам иштирок этиш бўйича тажриба тўпламоқда. Жумладан, “Nura Electric” корхонаси Камбоджада 2 миллион долларлик тендерда ғолиб бўлган.
Бироқ йирик халқаро тендерларда банк кафолатини олиш тартиби тадбиркорлар учун қийинчилик туғдирмоқда. Масалан, 10 миллион долларлик кафолат учун шунга мос гаров таъминоти талаб этилади.
Президентимиз ишлаб чиқариш тажрибаси, барқарор айланмаси ва молиявий имконияти бўлган корхоналарни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади. Банкларга корхоналарнинг молиявий ҳолатини баҳолаш асосида кафолат беришнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш ва бир ойда тадбиркорларга эълон қилиш топширилди.
Маҳаллий электротехника маҳсулотларига ички бозорда талабни рағбатлантирувчи янги механизмлар жорий этилади.
Ҳозир энергетика соҳасидаги хусусий шериклик лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлар улуши камида 25 фоиз, кабель маҳсулотлари бўйича эса 70 фоиз бўлиши талаби мавжуд.
Эндиликда алоҳида солиқ ва бошқа имтиёзлардан фойдаланаётган ёки давлатдан арзон ресурс олган, қиймати 10 миллион доллардан юқори инвестиция лойиҳаларига ҳам ушбу талаблар татбиқ этилади.
ЎзА