Маҳаллаларни хавфсиз ҳудудга айлантириш долзарб вазифа
Давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги ҳамда “Республикада криминоген вазиятни кундалик таҳлил қилиш фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган топшириқ ва вазифалар ижроси бўйича Бухоро вилояти Қоракўл туманида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Йиғилишда туман ҳокими Хуршид Тохиров, туман прокурори Дилмурод Диниев, туман ИИБ бошлиғи Шаҳоб Ҳайитов ҳамда тегишли соҳа раҳбарлари иштирок этди.

Дастлаб, маҳаллаларда “Хавфсиз маҳалла, хавфсиз кўча, хавфсиз йўлак” тамойилини амалиётга жорий этиш борасидаги ишлар кўриб чиқилди. Жумладан, ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида замонавий видеокузатув камераларини ўрнатиш ишлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, маҳаллаларда аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш ва ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилинди.

Ҳудудларда спорт майдончаларининг янгиланиши, мини-футбол, волейбол, шахмат мусобақалари ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи тадбирлар доимий равишда ўтказиш бўйича топшириқлар берилди. Бундан ташқари, маҳаллаларни ишсизлик ва жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, бандликни таъминлаш, муаммоли оилалар билан индивидуал профилактик ишлар олиб бориш бўйича қилинган ишлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда барча масъул раҳбарларга камчиликларни бартараф этиш, маҳаллаларни хавфсиз ва тартибли ҳудудга айлантириш ҳамда аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.