Хавфсиз маҳалла барқарор жамият асосидир
Маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазифаси эмас. Бунинг замирида аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий-маиший муаммоларни барвақт аниқлаш ва ҳал этиш, ҳар бир оила ҳамда фуқаро билан манзилли ишлаш каби ўзаро боғлиқ чора-тадбирлар мужассам.
Шу каби омилларни эътиборга олиб, Тошкент вилояти ҳокимлигида ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллалардаги мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги муҳокама қилинди.
Унда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев ҳамда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби ва ишчи гуруҳи аъзолари, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим ва илмий ташкилотлар, Бош прокуратуранинг тегишли бошқармалари ҳамда ҳудуддаги мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Президентимизнинг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар, аввалги ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилинди.

Қайд этилганидек, бугунги кунга қадар вилоятдаги 883 та маҳалла учун манзилли “Йўл хариталари” тасдиқланган. Криминоген вазияти оғир 108 та маҳаллага эса биринчи даражали раҳбарлар бириктирилган. 26 сентябрь ҳолатига асосий мақсадли кўрсаткичларнинг III чорак учун белгиланган режаси 94,8 фоиз бажарилган. Криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 3609 та “хавфсиз кўча” ва 981 та “хавфсиз уй” ташкил этилган.
Мазкур ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар натижасида 15 минг 408 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Бу кўрсаткич маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантиришда аҳолининг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш муҳим омил эканини кўрсатмоқда.
Ижтимоий профилактика йўналишида ҳам манзилли ишлар олиб борилмоқда. Ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган фуқаролар бўйича 211 минг 816 та хулоса берилган. Уларнинг 73 минг 600 таси бўйича масалалар ҳал этилган. Шундан 36 минг 560 таси ижтимоий-маиший муаммолар ҳисобига тўғри келади. Комплекс профилактик чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг саккиз ойида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони 16,8 фоизга камайган.

Йиғилишда эришилган натижалар билан бир қаторда, тасдиқланган “Йўл хариталари” ижросини таъминлаш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва ҳисобот кўрсаткичларининг ҳаққонийлигини ўрганиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Масъулларга маҳаллалардаги ҳар бир муаммонинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиш, аҳоли билан манзилли ишлашни кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган чораларни изчил давом эттириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
А.Мусаев, ЎзА