Маҳаллада фидойилик: ижтимоий ҳимояда самарали фаолият
Маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар нафақат хизмат кўрсатувчи, балки оғир ҳаётий вазиятга тушган оилаларнинг яқин кўмакчиси, маслаҳатдоши ва ишончли таянчи сифатида муҳим ўрин тутади. Улар аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Ана шундай фидойи ходимлардан бири Маржона Ганжиева. У Қарши шаҳридаги “Кунчиқар” маҳалла фуқаролар йиғинида 2025 йил октябрь ойидан буён фаолият юритиб келмоқда. Унинг иш фаолияти маҳалладаги аҳоли билан бевосита мулоқот ўрнатиш, муаммоларни аниқлаш, ёрдамга муҳтож оилаларни рўйхатга олиш ва уларга манзилли кўмак кўрсатишни қамраб олади.
Кунчиқар маҳалласида 4 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шундан 137 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 80 та оила эса “Ижтимоий реестр”га киритилган. Қисқа вақт ичида Маржона Ганжиева ташаббуси билан бир қатор амалий ишлар бажарилди. Хусусан, битта “мини ижтимоий лойиҳа” ҳаётга татбиқ этилди, 23 та ижтимоий иш ташкил қилиниб, ўнлаб оилаларнинг турмуш шароитини яхшилашга замин яратилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида эҳтиёжманд оилаларга зарур ёрдамлар кўрсатилиб, маҳалла миқёсида ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлиги ошди. Бу эса аҳоли ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шубҳасиз, ана шундай фидойи ижтимоий ходимлар фаолияти маҳаллаларда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, янги ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири