Бекобод тумани Маллабой маҳалласида 3 минг 256 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 882 та оила ва 635 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 63 нафар ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган.
Бугунги кунда аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий муаммоларини жойида ҳал этиш ҳамда эҳтиёжмандларга индивидуал ёндашув асосида ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳудудда комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилган.

Ушбу тизим орқали эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш ва уларнинг турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил бошидан буён маҳаллада 275 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларнинг 80 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилган.
– Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш йўналишида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Маллабой маҳалласида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Дилафрўз Йўлбарсова. – Жумладан, мазкур маҳалланинг Бобур кўчасида истиқомат қилувчи Фарҳод Ҳожираҳимов бир неча йиллар олдин бахтсиз ҳодиса туфайли бир оёғидан айрилган ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатга олинган. У оилада ёлғиз боқувчи ҳисобланади.
Маҳалла масъуллари ва ижтимоий ходим кўмагида унга деҳқончилик билан шуғулланиши учун ер майдони ажратилган. Ҳозирда у беш сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, помидор етиштирмоқда ва оиласига барқарор даромад келтирмоқда.

– Бахтсиз ҳодиса туфайли бир оёғимдан айрилган бўлсам-да, бу мени руҳий тушкунликка туширмади. Аксинча, ҳаётга бўлган ишончим янада мустаҳкамланди. Ижтимоий ходим ва ҳоким ёрдамчисининг кўмагида 30 сотих ер ажратилди ва кредит олишда кўмаклашилди. Шу асосда замонавий иссиқхона қуриб, оиламнинг фаровонлигига ҳисса қўшмоқдаман, – дейди Фарҳод Ҳожираҳимов.
Шу ерлик Сарбон Имонзаров эса кўз нуридан айрилгани сабабли 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатга олинган. У онаси билан бирга яшайди. Инсон ижтимоий хизматлар маркази томонидан унга ҳаракатланиш учун ҳасса ва соғлигини назорат қилишда ёрдам берадиган тонометр берилди. Шунингдек, психолог томонидан ўтказилган терапия натижасида унда меҳнат кўникмалари шаклланди.
Акаси ёрдамида иссиқхоналарда иш бошлаган Сарбон ҳозирда бетон плиткалар ишлаб чиқариш цехида ҳам фаолият юритиб келмоқда. Бу эса унинг ижтимоий фаоллиги ва келажакка ишончини кучайтирмоқда.

Маллабой маҳалласида жорий этилган ижтимоий хизматлар тизими аҳолининг турмуш тарзида сезиларли ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларни меҳнатга жалб қилиш ва оилалар фаровонлигини таъминлашда амалга оширилаётган ишлар аҳамиятли натижалар бермоқда.
А.Мусаев, ЎзА