Маҳалла ёшлари "Заковат"да баҳслашди
Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида “Сектор раҳбарлари кубоги” доирасида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан оталиққа олинган маҳалла ёшлари ўртасида “Прокурор кубоги” учун «Заковат» интеллектуал ўйинининг вилоят босқичи мусобақаси ўтказилди.
Мусобақада туман ва шаҳарларда ғолибликни қўлга киритган 11 та жамоа қатнашиб, ўз билимларини синовдан ўтказишди. Ўйин қоидаларига кўра, жамоалар баллари тўғри берилган жавобларга қараб ҳисоблаб чиқилди.


Мусобақада Сирдарё вилоят прокурори Савид Иматов ҳам иштирок этиб, мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, интеллектуал салоҳиятини янада ривожлантириш борасида шарт-шароитлар яратилгани, энг асосийси, ижтимоий-сиёсий фаоллигини намоён қилиши учун кенг йўл очилганлиги тўғрисида гапирди.


Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган ақл мусобақасида биринчиликни Гулистон шаҳрининг Навбаҳор маҳалласи, иккинчи ўринни Ховос туманининг Қорақум маҳалласи, учинчи ўринни Оқолтин туманининг Кўркам диёр маҳалласи ёшлари эгаллади.
Мусобақа якунида ғолиблар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири