Магистратурада аёл-қизларга берилган имконият — тенгсизлик эмас
Сўнгги йилларда хотин-қизларнинг таълим олиши, касбий салоҳиятини ривожлантириши ва илм-фан билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, магистратура босқичида аёл-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар жамиятда турли фикр ва мулоҳазаларга сабаб бўлаётгани кузатилмоқда.
Бироқ мазкур имкониятни кимгадир қарши қаратилган имтиёз ёки тенгсизлик сифатида эмас, балки хотин-қизларнинг таълим ва илм-фандаги иштирокини рағбатлантиришга қаратилган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораси сифатида баҳолаш муҳим.
Нега айнан магистратура босқичи?
Магистратура — ёшларнинг таълимдан касбий фаолият ва илмий изланишларга ўтиш даври ҳисобланади. Айнан шу босқич кўплаб қизларнинг ҳаётида оила қуриш, фарзанд тарбияси ва касбий фаолиятни бир вақтда йўлга қўйиш каби бир нечта муҳим жараёнлар билан бир даврга тўғри келади. Бундай шароитда айрим хотин-қизлар таълимни давом эттириш ёки оилавий мажбуриятларга устуворлик бериш ўртасида танлов қилишга мажбур бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, давлат томонидан яратилган қўшимча имкониятлар аёл-қизларнинг таълим йўлидаги мавжуд тўсиқларни камайтириш, уларнинг ўқишни давом эттириши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришига кўмаклашади.
Жамиятда “аёлларга имтиёз берилса, бу эркакларга нисбатан адолатсизлик эмасми?” деган савол ҳам ўртага ташланмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, эркак талабалар учун ҳам давлат грантлари, стипендиялар, таълим кредитлари ва бошқа қўллаб-қувватлаш механизмлари мавжуд. Яъни давлат сиёсатида таълим олиш имкониятини кенгайтириш умумий устувор йўналиш бўлиб, турли тоифалар учун эҳтиёж ва мавжуд шароитдан келиб чиқиб қўшимча чоралар белгиланиши мумкин.
Таълим — рақобат эмас, тараққиёт омили. Жамиятда бир инсонга берилган имкониятни бошқа бир инсоннинг имконияти камайиши сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Аксинча, кўпроқ ёшларнинг, жумладан, хотин-қизларнинг сифатли таълим олиши — мамлакатнинг интеллектуал ва касбий салоҳиятини оширади. Шу боис магистратура босқичида аёл-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган имкониятларни тенгсизлик эмас, балки таълимда иштирокни кенгайтириш, инсон капиталини ривожлантириш ва хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган сиёсат сифатида қабул қилиш муҳим.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА