Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилотлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди
Бугунги кунда юртимизда маданият, санъат ва адабиётга бўлган эътибор том маънода янгича аҳамият касб этмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг соҳа вакиллари билан бўлган мулоқотидан сўнг қатор ташаббуслар илгари сурилиб, уларнинг амалий ижросига киришилган.
Шу мақсадда, Республика бахшичилик санъати маркази ҳамда Республика аския ва қизиқчилик санъати маркази фаолиятини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган тақдимотлар билан танишилди.
Унда маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев иштирок этиб, Республика бахшичилик санъати ҳамда Республика аския ва қизиқчилик санъати маркази томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар сарҳисоби, мавжуд натижалар ва иккинчи ярим йиллик учун белгиланган устувор вазифалар тақдимоти билан танишди.

Муҳокамалар давомида ташкилотлар фаолияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, уларнинг самарадорлигини ошириш, иш сифатини юксалтириш ва белгиланган вазифалар ижросини жадаллаштириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, халқаро миқёсдаги маданий тадбирларни ташкил этиш, маҳорат мактаблари учун замонавий ўқув-услубий қўлланмалар ҳамда методик тавсиялар ишлаб чиқиш, соҳага олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида барча ташкилот раҳбарлари ва масъул ходимларга белгиланган вазифаларни ўз вақтида ҳамда юқори сифат билан амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Шербек Исломов,
ЎзА