Ижодий бирлашмалар фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланмоқда
Маданият ва санъат соҳасида янги давр бошланмоқда. Президент вакили бошчилигида ижодий бирлашмалар фаолияти кўриб чиқилди, миллий санъатимиз ривожи учун қандай стратегик йўллар белгиланди?
Миллатимиз азал-азалдан жаҳонда маданият тожи сифатида намоён бўлиб келган. Шонли тарихга муносиб буюк келажак яратишга бел боғлаган юртимизнинг бугунги сиёсати ҳам санъат, маданият ҳамда адабиёт ривожини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан айни кунларда ижодий бирлашмалар фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланиб, уларнинг иш самарадорлигини ошириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва соҳа ривожи учун янги имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай амалий ҳаракатлар давом эттирилиб, Мусиқий эстрада ижодий бирлашмаси ҳамда Мода ва дизайн ижодий бирлашмасининг фаолияти билан танишилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият бўйича вакили Ҳасан Салихов бошчилигидаги масъуллар ҳамда ижодий бирлашмалар раҳбарлари иштирок этган тадбирда Мусиқий эстрада ижодий бирлашмаси ижрочи директори Самандар Содиқов ҳамда Мода ва дизайн ижодий бирлашмаси ижодий раҳбари Лали Фазилова томонидан бирлашмалар фаолияти, амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Мулоқотда ижодий бирлашмалар фаолиятини янада такомиллаштириш, замонавий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий санъат ва маданиятни кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, соҳада замонавий тенденцияларни жорий этиш, ижодкорлар учун янги имкониятлар яратиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ижодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашув якунида ҳар бир йўналиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб олиш, ижодий бирлашмалар фаолиятини самарали ташкил этиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Шербек Исломов, ЎзА