Юртимизда илк бор нишонланган Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни Самарқандда ҳам кенг тантана қилинди. Шаҳардаги “Нурафшон” маданият саройида ўтказилган байрам тадбирида вилоят маданият ва санъат ходимларининг заҳматли меҳнатлари эътироф этилди.
Самарқандда 32 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 79 та маданият ва аҳоли дам олиш маскани, ихтисослашган мусиқа мактаби, 4 та театр, 28 та бадиий жамоа самарали фаолият кўрсатмоқда. Маданият бошқармаси қошидаги филармония, мақомчилар ансамбли фаолияти кейинги йилларда анча жонланиб, вилоят аҳолисига муносиб хизмат кўрсатмоқда. Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда маданият бўлимлари томонидан ташкил этилган 30 дан ортиқ “Ёшлар театр студиялари” ҳамда “Ёшлар кублари” ҳам бугун ўз олдига қўйган мақсадлар асосида маданият ва санъатни кенг тарғиб этмоқда.

– Кейинги йилларда Пастдарғом ва Тойлоқ туманларидаги 1-сон маданият марказлари капитал таъмирланди, Булунғур туманидаги маданият маркази янгидан барпо этилди, – дейди Самарқанд вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов. – Каттақўрғон шаҳар ва Қўшработ туманидаги маданият марказлари биносини жорий йилда реконструкция қилиб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ўтган йил вилоятимиздаги барча маданият марказларини мусиқа асбоблари билан таъминлаш мақсадида маҳаллий бюджетдан 616 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу ишларнинг барчаси юртимизда маданият ва санъатга юксак этибор кўрсатилаётгани натижасидир.

Маросимда миллий маданият ва санъатимизни ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилаётган беш нафар соҳа вакили “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, бир қатор маданият ва санъат ходимларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.


Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА