Маҳаллий хомашёдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга бағишланди
Пойтахтимизда “Миллий маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида маҳаллий хомашё ресурсларидан самарали фойдаланишнинг долзарб масалалари: “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси корхоналари мисолида” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда “Миллий маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида маҳаллий хомашё ресурсларидан самарали фойдаланишнинг долзарб масалалари: “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси корхоналари мисолида” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.Тадбир “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Семинарда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси таркибига кирувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган импорт маҳсулотлари ва уларни маҳаллийлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури таҳлил қилинди. 2017 йилда компания таркибига кирувчи корхоналар томонидан умумий қиймати 244,7 миллион АҚШ долларлик хомашё, бутловчи қисм ва ускуналар импорт килинган, жорий йил январ-май ойларида бу кўрсаткич 103,7 миллион долларни ташкил этди.
Маҳсулот ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган, рақобатбардош нархда маҳаллийлаштириш имкони бўлмаган айрим бутловчи қисмларни импорт қилишда божхона тўловларини бекор қилиш, маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим товарлар бўйича божхона тўловлари ставкаларини оптималлаштириш юзасидан қатор вазифалар белгиланган.
Президентимизнинг 2017 йил 31 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни тизимлаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Унда рақобатбардош ишлаб чиқаришни кучайтириш, соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш, ички бозорни сифатли истеъмол маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилган масалаларни божхона-тариф нуқтаи назаридан тартибга солиш белгиланган.
Кўргазмали семинарда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси таркибига кирувчи корхоналар томонидан кабель-сим, электротехника ва маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва бугунги кунда импорт қилинаётган бутловчи қисмларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.