29 та лойиҳа доирасида 1,54 триллион сўмлик маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарилди
“Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида жорий йилнинг биринчи чораги давомида маҳсулотлар таннархини пасайтириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда маҳаллийлаштириш даражасини кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жамият ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлагановнинг маълум қилишича, амалга оширилган ислоҳотлар ва ички захираларни сафарбар этиш натижасида тармоқда сезиларли иқтисодий самарадорликка эришилди ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлар ҳажмини ошириш бўйича ижобий динамика қайд этилди.
Жумладан, январь-март ойлари давомида маҳсулотлар таннархи 194,4 миллиард сўмга камайтирилди. Бу кўрсаткич белгиланган режага нисбатан 111,7 фоизни ташкил этди. Эришилган натижалар қатор омиллар ҳисобига таъминланди. Хусусан, энергия ресурсларини тежаш орқали 24,8 миллиард сўм иқтисод қилинди. Бунда 8,0 миллион метр куб табиий газ ҳамда 14,9 миллион кВт/соат электр энергияси тежалди.
Шунингдек, хомашё ва материаллар харажатларини оптималлаштириш ҳисобига 56,8 миллиард сўм, технологик ва бошқа йўқотишларни қисқартириш орқали 16,7 миллиард сўм тежамкорликка эришилди. Саноат ходимлари сонини мақбуллаштириш эса 2,8 миллиард сўм иқтисод қилиш имконини берди.
Харид қилиш, ташиш ва сақлаш жараёнларини самарали ташкил этиш натижасида 4 миллиард сўм, бошқа турдаги харажатларни қисқартириш ҳисобига эса 89,3 миллиард сўм маблағ тежалди.
Бундан ташқари, маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида ҳам муҳим натижалар қайд этилди. Жами 29 та лойиҳа асосида 1,54 триллион сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА