Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳридаги энг машҳур дам олиш масканларидан бири – “Tower Bridge” кўприги яқинидаги “Potters Fields Park” хиёбонида “Ўзбекистон маданияти ва миллий таомлари” фестивали ўтказилди.
Қиролликдаги элчихонамиз, Туризм қўмитаси, Маданият вазирлиги, “Ватандошлар” жамоат фонди, “Uzbekistan Airways” АЖ, Лондондаги ўзбеклар ва тадбиркор ҳамюртларимиз ҳамкорлигида иккинчи бор уюштирилган анжуман республикамиз сайёҳлик салоҳияти ва маданий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Серфайз майдонда юртимиз санъати намояндалари ўзбекона куй-қўшиқлар куйлаб, рақслар ижро этиб, йиғилганлар олқишига сазовор бўлди.
Анжуманда ҳунарманд, дизайнер ва ошпазлар ҳам маҳоратини намойиш қилди, туроператорлар хизматларини таклиф этди.
Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, туризм салоҳиятини акс эттирувчи китоб, қўлланмалар, миллий либослар, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, ипак маҳсулотлари ва халқ амалий санъатининг бошқа намуналари намойиш этилди. Махсус қозонда 2 тонна ош тайёрланди.
Икки кун давом этган фестиваль Британия расмийлари, ишбилармон, академик доира вакиллари, маданият ходимлари, етакчи ОАВ, дипломатик корпус аъзолари, сайёҳлардан иборат 30 мингдан зиёд кишини бир жойга жамлади.