Лондонда ўзбек палови халқаро фестиваль меҳмонларига тақдим этилди
Буюк Британия пойтахти Лондонда ўтказилган 12-халқаро “World Halal Food Festival 2026” фестивалида ўзбек миллий ошхонасининг машҳур таомларидан бири — палов кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Йирик гастрономик тадбир доирасида Лондондаги “Ошпаз” ўзбек ресторани жамоаси фестиваль иштирокчилари кўз ўнгида махсус чўян қозонларда анъанавий усулда палов тайёрлади. Бу меҳмонларга нафақат миллий таомдан татиб кўриш, балки уни тайёрлаш жараёни ва ўзбек ошпазлик анъаналари билан яқиндан танишиш имконини берди.
Ўзбек палови фестиваль меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Хушбўй зираворлар, гуруч, сабзи ва гўштнинг ўзига хос уйғунлиги, шунингдек, паловнинг катта қозонда тайёрланиши миллий таомга бўлган эътиборни янада оширди.
“World Halal Food Festival” ҳалол маҳсулотлар, гастрономия ва маданий хилма-хилликни тарғиб этишга бағишланган йирик халқаро тадбирлардан бири ҳисобланади. Бу йилги фестивалда 25 дан ортиқ давлатдан 200 дан зиёд ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар иштирок этди. Икки кун давом этган тадбирга 20 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди.
Халқаро фестивалда ўзбек паловининг намойиш этилиши миллий гастрономик меросимизни хориж аудиториясига танитиш билан бирга, Ўзбекистоннинг бой маданий қадриятлари ва сайёҳлик салоҳиятини тарғиб этиш учун ҳам ўзига хос майдон бўлди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА