Ливия мудофаа вазири мамлакатдаги сиёсий бўлиниш хавфидан огоҳлантирди
Ливия Миллий бирлик ҳукумати мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Абдуссалом Зубий Бенғози портига экипажсиз сув усти қурилмаси орқали уюштирилган ҳужум мамлакат суверенитети ички сиёсий низо қурбонига айланиб қолиши нақадар хавфли эканини яна бир бор кўрсатганини таъкидлади.
Ижтимоий тармоқда эълон қилинган баёнотда мулозим шаҳар хавфсизлиги, аҳоли турмуши ва инфратузилмасига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган бундай ҳаракатни қоралади. Унинг таъкидлашича, халқаро майдонда низо ўчоғи кенгайиб, миллий хавфсизликка таҳдид кучайиб бораётган бир пайт мамлакат мустақиллик билан боғлиқ тор манфаат ва ички парокандалик қурбонига айланиши ўта хавфли.
Зубий расмий Триполи ушбу масалада қатъий ёндашувга эгалигини қайд этиб, қуруқлик, сув ва ҳаво чегарасини ишончли ҳимоя қилишга қодир ягона, профессионал армия шакллантириш устувор вазифалигини билдирди. Шунингдек, қуролли кучларни бирлаштириш жараёни сиёсий музокарадаги турғунлик, турли шарт ёки минтақавий рақобат туфайли тўхтаб қолмаслиги кераклигини таъкидлади.
Қўшимча қилинишича, ҳукумат бундай нохуш ҳодисалар ливияликлар учун одатий ҳолга айланишига асло йўл қўймайди. Фуқаролар уйида тинчлик ва хавфсизликни ҳис қилиши, мамлакат суверенитети дахлсизлиги таъминланиши учун бор имконият ишга солинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вакиллар палатаси томонидан тайинланган Бенғози ҳукумати шаҳар портида Россия кемаси экипажсиз сув усти қурилмаси ҳужумига учраганини маълум қилган. Фожиа оқибатида 10 киши жароҳатлангани айтилган.
Айни пайт Ливияда икки ҳокимиятчилик сақланиб турибди: пойтахт Триполида БМТ томонидан тан олинган Миллий бирлик ҳукумати, Бенғозида эса Вакиллар палатаси томонидан тайинланган ҳукумат фаолият юритмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА