Ливан: “Яқин Шарқ Швейцарияси”нинг қулаши (+видео)
Бугун дунё харитасидаги жуда кичик, аммо жаҳон сиёсатидаги энг қайноқ нуқталардан бири – Ливан ҳақида сўз юритамиз. Бир пайтлар бу мамлакатни “Яқин Шарқ Швейцарияси” деб аташган. Шундай юксак номга сазовор ўлкада нега бугун тинчлик эришиб бўлмас орзуга айланди?
Ўрта ер денгизи шарқий соҳилида, бор-йўғи 10 452 квадрат километр майдонни эгаллаган Ливан бугунги кунда дунёнинг энг хавфли ҳудудларидан бири ҳисобланади. Шимол ва шарқдан Сурия, жанубдан Исроил билан чегарадош бу давлат стратегик жойлашуви туфайли асрлар давомида йирик кучлар манфаати тўқнашган майдон вазифасини ўтаб келмоқда.
ХХ аср 50-70-йилларида Ливан минтақанинг энг бой ва барқарор давлати, худди Швейцария каби Яқин Шарқнинг банк ва молия маркази эди. Бу давлатдаги банк сири қонуни бутун араб дунёси сармояси Байрутга оқиб келишини таъминлаган. Мамлакатнинг гўзал табиати, қорли тоғ тизмалари ва денгиз соҳили сабаб туризм гуркираган. Маданий хилма-хиллик ва иқтисодий эркинлик Ливанни шарқдаги энг либерал ва фаровон юртга айлантирган эди.
1943 йил Франциядан мустақил бўлиб чиққан Ливаннинг ички сиёсий тузилмаси ўта нозик мувозанатга асосланган. Конституцияга кўра, президент христиан, бош вазир сунний мусулмон, парламент спикери эса шиа мусулмон бўлиши шарт. Бир вақтлар маданий қадрият саналган бундай диний хилма-хиллик кейинчалик ташқи кучлар аралашуви омили сифатида заиф нуқтани катталаштирди.
Бугунги кунга келиб Ливандаги вазият ўта оғир ҳарбий ва гуманитар инқироз ёқасига келиб қолди. Бунинг асосий сабаби 2026 йил 2 мартда АҚШ ва Исроил Эронга берган қўшма зарбадан сўнг бошланган занжирбанд воқеалардир. Шу ҳужумдан сўнг Ливан жанубини амалда назорат қилувчи, Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши айтиладиган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Исроилга қарши кенг кўламли ракета ҳужумини бошлади. Айнан шу қарор Исроил армиясининг Ливан ҳудудига бевосита бостириб кириши ва “Шимолий қалқон” номли ҳарбий амалиёт бошланишига сабаб бўлди.
Гарчи АҚШ президенти Дональд Трамп ташаббуси билан бир ой аввал расмий сулҳ эълон қилинган бўлса-да, 14 май ҳолатига кўра жанговор ҳаракат сусайгани йўқ. Исроил авиацияси ва дронлари Сидон, Набатия ва ҳатто пойтахт Байрут атрофини нишонга олишда давом этяпти. Ҳозиргача ҳалок бўлганлар сони 2 900 дан ошиб, ўн минглаб уй ер билан яксон қилинган.
Дунё ҳамжамияти эълон қилган расмий сулҳ келишуви фақат қоғозда қолган. Исроилнинг замонавий дронлари ва авиацияси аҳоли зич жойлашган туманларга аёвсиз зарба бермоқда. Расмий маълумотга кўра, қурбонларларнинг аксари аёллар ва болалар. Энг ачинарлиси, 10 600 дан кўп уй-жой буткул хароб бўлиб, 1 миллиондан ортиқ инсон ўз ватанида қочқинга айланди.
Ливан нафақат ташқи таъсир, балки ички иқтисодий ҳалокат билан ҳам курашмоқда. Миллий валюта Ливан лираси қийматини 95 фоиз йўқотган. Инфратузилма буткул ишдан чиққан, электр энергияси кунига атиги бир неча соат берилади. Бундай ҳолат дори-дармон ва ёнилғи танқислиги билан қўшилиб, гуманитар фалокатни чуқурлаштирмоқда.
Ҳозирда Ливан армияси эмас, балки давлатдан кўра кучлироқ қуролланган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Исроилга қарши жанг қилаётгани боис, расмий ҳукумат вазиятни жиловлашда буткул ожиз қолган.
Шу тариқа, бир пайтлар “Яқин Шарқ Швейцарияси” дея жозибадор номланган диёр бугун Эрон ва Исроил урушининг қонли майдонига, вайрона ва қочқинлар маконига айланиб, халқаро ҳамжамият учун ўта хавфли “қизил ҳудуд” сифатида баҳоланмоқда.
Ушбу кўрсатувни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ntMBUCQaZWQ" title="Livan: “Yaqin Sharq Shveysariyasi”ning qulashi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фардона Яхшибоева, Искандар Исматов (видеомуҳандис), ЎзА