АҚШ Сенати Эрон урушига қарши чиқди (+видео)
АҚШ сенаторлари президент Дональд ТрампниЭронга қарши ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ёки Конгрессдан расмий рухсат олишга мажбур қиладиган резолюцияни кўриб чиқишни маъқуллади, деб хабар берди DW нашри.
Бу ҳужжатни қабул қилишга бўлган аввалги етти уриниш муваффақиятсиз тугаган эди.
Ва ниҳоят, 19 май куни АҚШ Сенати мазкур резолюцияни тўлиқ таркибда муҳокама қилишни қўллаб-қувватлади. Агар ҳужжат қабул қилинса, Трамп Эронга қарши ҳар қандай кейинги ҳарбий ҳаракатни Конгресс розилигисиз амалга ошира олмайди.
CNN маълумотига кўра, овоз беришда 50 сенатор резолюцияни қўллаб-қувватлаган, 47 нафар сенатор қарши чиққан. Уч нафар республикачи сенатор сайлов кампанияси сабабли овоз беришда қатнашмаган. Шунинг учун ҳужжатнинг тўлиқ Сенат томонидан қабул қилиниши ҳозирча қийин деб баҳоланмоқда.
Жорий йил бошидан бери республикачилар ушбу резолюцияни Сенатда етти марта тўсиб қўйган. Ҳужжат биринчи марта март ойида — АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси бошланганидан кейин овозга қўйилган эди. Шунингдек, резолюция АҚШ Вакиллар палатасида ҳам уч марта блокланган.
Резолюция ташаббускори, демократ сенатор Тим Кейннинг айтишича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги сулҳ даврида Трамп ўз позициясини Конгрессга тушунтириши керак.
Унинг сўзларига кўра: “Ҳозир урушни яна бошлашдан олдин муҳокама қилиш учун энг қулай пайт. Президент Эрондан келаётган тинчлик ва дипломатик таклифларни биз билан бўлишмасдан рад этмоқда”.
1973 йилда қабул қилинган “Ҳарбий ваколатлар тўғрисидаги қонун”га кўра, АҚШ президенти Конгресс рухсатисиз фақат 60 кун давомида ҳарбий ҳаракат олиб бориши мумкин. Бу муддат тугагач, президент ё урушни тўхтатиши ёки Конгрессдан расмий рухсат олиши шарт.
2026 йил 1 май куни 60 кунлик муддат тугагач, Трамп Конгрессга Эрон билан уруш якунлангани ҳақида хабар берган. Аммо, Reuters маълумотига кўра, АҚШ ҳали ҳам Эрон портларини блокада қилиб, Эрон кемаларига зарбалар бермоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/i429p4587iA" title="AQSh Senati Eron urushiga qarshi chiqdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА